“ОБУНАДАГИ ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР”
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органлари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 август кунги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-3898-сонли Қарори ва 2019 йил 9 январь кунги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётий ва профессионал кўникмаларини
илм-маърифат асосида қалби ва онгига сингдириш, мамлакатимиз ҳаётидаги реал ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда уларнинг билимларини ошириб бориш, ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлардан ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида ҳудудий матбуот тарқатувчи корхоналар ва маъсулияти чекланган жамиятлар билан газета, журнал ҳамда бошқа нашрларни ҳарбий қисм ва муассасаларга етказиш борасида жамоавий ва якка тартибдаги обуналар ташкил этилган.
Таъкидлаш жоизки, масъул шахслар томонидан ушбу газета ва журналларни ўқувчига ўз вақтида етказилиши катта аҳамият касб этади.
Бироқ, ўрганишлар айрим вазирликлар тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасаларнинг мансабдор шахслари бу борада амалга оширилаётган ишлар устидан етарлича назорат ўрнатмаганлигини оқибатида, матбуот тарқатувчи корхоналар ва маъсулияти чекланган жамиятлар томонидан обуна бўлинган газета, журнал ҳамда бошқа нашрлар ўз вақтида ёхуд тўлиқ етказиб берилмаслик ҳолатларига йўл қўйиб келаётганлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан назорат ҳудудида жойлашган Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда
2019 йил учун обуна бўлинган нашрларни ўз вақтида етказилиши аҳволи ўрганилиши натижасида, матбуот тарқатувчи корхоналар ва масъулияти чекланган жамиятлар томонидан шартномада кўрсатилган мажбуриятлар тўлиқ бажарилмасдан, ҳарбий хизматчиларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқлари бузилиб келинаётганлиги ва етти номланишдаги газета ва журналлар ҳарбий қисмларга обуна сонидан кам миқдорда етказиб келинаётганлиги аниқланган.
Масалан, “Матбуот тарқатувчи” шўъба корхонасининг Сариосиё ва Шеробод туман бўлимлари томонидан ҳарбий қисмларга жорий йилнинг ўтган даврида жами 11.346.000 сўмлик газета, журнал ва бошқа нашрлар етказиб берилмаган.
Ўрганиш натижасига кўра, “Матбуот тарқатувчи” шўъба корхонасининг Шеробод тумани бўлимидан 9.355.000 сўм, Сариосиё тумани бўлимидан 1.991.000 сўм ва Денов тумани бўлимидан 8.234.180 сўм моддий зарар ихтиёрий равишда ҳарбий хизматчиларга қайтарилиши, шунингдек “Матбуот янгиликлари” МЧЖ томонидан 6.250.000 сўмлик газета, журнал ва бошқа нашрлар ҳарбий қисмларга етказиб берилишига эришилиб, 2400 нафар ҳарбий хизматчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, тегишли прокурор назорати ҳужжатлари киритилди.