February 25, 2020

Наманганда "Очиқ эшиклар куни", Фарғонада "Меҳр-мурувват" тадбири ташкил этилди.

Наманган ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисмларнинг бирида «Ҳарбий хизматчиларнинг бир кунлик ҳаёти» шиори остида ёшлар иштирокида очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Тадбирда умумтаълим мактабларининг 300 нафардан ортиқ юқори синф ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда, Наманган ҳарбий прокурори ўринбосари Н.А.Эгамкулов томонидан ўқувчи ёшларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Хавфсизлик кенгаши йиғилишидаги маърузаси ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар юзасидан тушунчалар берилди.

Тадбир давомида ўқувчи ёшлар ҳарбийлар ошхонаси билан танишиб, ошхонада тайёрланган таомлардан истеъмол қилишди. Шундан сўнг, ёшлар ҳарбий қисмда мавжуд ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан таништирилди.

Шунингдек, Фарғона ҳарбий прокуратураси ходимлари ва Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Л.Ю.Бузруков бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар томонидан Фарғона шаҳар 1-сонли "Меҳрибонлик уйи"да "Меҳр-мурувват" тадбири ўтказилди.

Мазкур тадбирда ҳар бир тарбияланувчига алоҳида эътибор қаратилиб, турли хил қизиқарли китоблар ва бошқа эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек "Меҳрибонлик уйи"нинг ҳовлисига манзарали кўчатлар ўтқазилиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.