February 25, 2020

Қарши ва Урганч ҳарбий прокуратуралари томонидан сайёр қабуллар ташкил этилди.

Қарши ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Қарши гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида, ҳарбий пенсионерлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда фуқаролар билан оммавий ва сайёр қабул ташкил этилди.

Сайёр қабулда Жануби-Ғарбий маҳсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги вакиллари, Қашқадарё вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси ходимлари, Қарши шаҳар ҳокимлиги, шаҳар бандлик маркази, халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, шаҳар газ таминоти маркази вакиллари, шаҳар электр таъминоти корхонаси вакиллари, шаҳар Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳамда шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари иштирок этишиб, қабулда бўлган фуқароларни шу кунга қадар қийнаб келаётган бир қанча муаммолар жойида ҳал қилинишига эришилди.

Шунингдек, Урганч ҳарбий прокуратураси томонидан Шимоли-Ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда Хоразм вилояти Янгибозор тумани маданият марказида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучлар хизматчилари, ҳарбий пенсионерлар, муддатли ҳарбий ва сафарбарлик чақирув резерви хизматини ўтаганлар ҳамда фуқаролар билан сайёр қабул ўтказилди. Сайёр қабулда Урганч ҳарбий прокуратураси, Шимоли-Ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, шунингдек тумандаги барча идора ва ташкилотлардан, жумладан туман ҳокимлиги, мактабгача таълим, тиббиёт бирлашмаси, давлат хизматлари агентлиги, халқ таълими, бандликка кўмаклашиш маркази, адлия бўлими, Халқ банкидан мутахассислар иштирок этишиб, қабулга келганларнинг муаммолари юзасидан қабул қилишди.

Шундан сўнг Урганч ҳарбий прокуратураси томонидан Янгибозор тумани ҳокимияти ва Янгибозор тумани мудофаа ишлари бўлими билан ҳамкорликда Янгибозор тумани Каландар-Дўрмон МФЙда яшовчи улуғ ватан уруши қатнашчиси Ахмедов Абдулла отанинг ҳолидан хабар олиш мақсадида унинг яшаб турган уйига ташриф амалга оширилди.

Ташрифда улуғ ватан уруши қатнашчиси Ахмедов Абдулла ота ташриф буюрганларга уруш давридаги ҳаётдан мисоллар келтириб, тинчлик давримизни қадрига етиш кераклиги тўғрисида сўзлаб берди. Шу билан бирга Ҳарбий прокуратура ходимлари томонидан улуғ ватан уруши қатнашчиси Ахмедов Абдулла отага совғалар топширишди.