Наманганда ҳайдовчидан пора талаб қилган ЙПХ инспектори қўлга олинди

Наманганда маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига пора талаб қилган ЙПХ инспектори қўлга олинди.

Маълум бўлишича, Наманган вилояти ИИБ ЙХХБ ЙПХ инспектори А.Р. машинасини суғурта полисисиз бошқариб кетаётган Р.С.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига пул талаб қилган.

Инспектор келишилган 270 минг сўм пулни бевосита ўзи эмас, фуқаро А. О. орқали олаётганда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Ҳолат юзасидан ЙПХ инспектори А.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддада белгиланган жиноятни содир этган шахс энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.