Ўзбекистонлик сапёрлар портлаш босими ва осколкага дош бероладиган махсус ҳимоя кийимини синовдан ўтказишди
ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Махсус тайёргарлик ўқув марказида сапёрларнинг малакаси ошириб келинаётганига кўп бўлмади. Марказда ўқув жараёнига замонавий ёндашувни татбиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Яқинда марказга 50 йиллик иш фаолиятига эга бўлган «Garant» Швейцария–Германия компанияси мутахассислари ташриф буюрди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда компания томонидан ишлаб чиқилган «СПС – 15» сапёрлик костюми намойиш этилди. Бошқарманинг отряд командирлари ва марказ ходимлари иштирок этган тадбирда компания бош директори Марк Милевский ҳимоя костюмининг афзалликлари, бошқа шу турдаги воситалардан фарқланиши, ундан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берди.
– Хавфсизликни ишончли таъминлаш, ҳар қандай хатарни ўз вақтида кам талафот билан бартараф этиш учун етук кадрлар билан бирга, сўнгги русумдаги ҳимоя воситаларининг бўлиши ҳам талаб қилинади, – дейди ИИВ МОМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Дилшод Иноятов. – Шу нуқтаи назардан бошқарма ва марказни замонавий техникалар, жиҳозлар ва бошқа турли зарур воситалар билан таъминлашга катта эътибор қаратяпмиз. Ҳозир сиз кўриб турган бу ҳимоя костюми сўнгги авлод воситаларидан биридир. Кеча уни назарий жиҳатдан ўрганган эдингиз, бугун амалиётда синаб кўринг. Ҳозир фойдаланиб келинаётган шу турдаги ҳимоя костюмидан нимаси билан устун, қандай афзалликка эга? Қандай камчиликлари бор? Ҳар бирингизнинг фикрингиз биз учун муҳим.
Шундан сўнг сапёрлик костюми амалиётда синовдан ўтказилди. Мазкур ҳимоя кийимини кийиб олган сапёр автобус, енгил машина ва самолётга жойлаштирилган портловчи қурилма макетларини қидириб топиш, нейтрал ҳудудга олиб ўтиш, зарарсизлантириш машғулотларини адо этди. Ҳар бир топшириқ командирлар томонидан бошқариб турилди.
– Бу сапёрлик костюмининг бир қанча афзаллик томонлари бор экан. Биз ҳозир фойдаланиб келаётган бундай костмларнинг оғирлиги 38 килограммни ташкил этади. Шунинг эвазига унда ҳаракатланиш анча енгил ва қулай, – дейди марказ катта инструктор-ўқитувчиси, подполковник Марсел Ягафаров. – Олд ҳимоя қисми ҳам анча кучайтирилган. Ундан ҳам овоз, ҳам рақамли тугмачалар орқали алоқага чиқиш мумкин. Бош шлемда видеотасвирга олиш имкони мавжуд бўлиб, у онлайн режимида ишлайди. Бу сапёр кўриб турган вазиятни узоқдагилар ҳам кўриб туради, деганидир. Алоқа сифати ҳам жуда яхши.
Ҳимоя костюмидан бевосита амалиётда фойдаланган ходимнинг фикрлари ҳам ўринли.
– Аввалгиларидан анча устунликка эга, – дейди катта лейтенант Меҳриддин Ҳасанов. – Лекин фойдаланиш жараёнида айрим ноқулайликларга ҳам дуч келдим. Шлем ичида бошнинг ҳаракатланиши чекланган. Хавф юзага келганда бошни орқага олиш мушкул экан. Яна уни бир киши кийиб-ечиши бироз кўп вақт олади.
Тадбир давомида ходимлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Махсус кийимнинг ижобий ва салбий томонларини айтиб ўтишди. Компания мутахассислари ҳеч бир саволни эътиборсиз қолдирмай, батафсил жавоб беришди.