September 11, 2019

«Чирчиқ» полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийларининг ҳамкорликдаги «Қалқон—2019» тактик машқлари бошланди

Тошкент ҳарбий округидаги «Чирчиқ» полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон Мудофаа идоралари ҳамкорлигидаги «Қалқон—2019» махсус-тактик ўқувлари бошланди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал майор Павел Эргашев ва Қозоғистон Мудофаа вазирлиги масъул офицери полковник Женисбек Жантасов иштирок этди.

Мудофаа идоралари ўртасидаги мазкур ўқувлар дўстона ва ўзаро ишончли муносабатларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Тадбирда сўзга чиққанлар ҳамкорликдаги машғулотлар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар салоҳияти, профессионал билимлари, халқаро терроризмга қарши ҳамкорликда курашишдаги маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ўтказилаётганлигини таъкидлади.

«Қалқон—2019» ўқувлари давомида ҳарбий авиация кучлари, жанговар зирҳли техникалар қўлланилиши, десантлаштириш жараёнлари, кундузги ва тунги шароитларда ўқ отиш машқлари каби қатор машғулотлар ўтказилади.

Халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасидаги махсус-тактик тадбирлар 14 сентябрга қадар давом этиши режалаштирилган.