January 18, 2020

Фарғонада "Ҳарбий қисмда бир кун" мавзусида тадбир, Бухорода “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди...

Фарғона ҳарбий прокуратураси томонидан Фарғона шаҳар ҳокимлиги ва Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий- маърифий дунёқарашини юксалтириш мақсадида Фарғона шаҳридаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари иштирокида "Ҳарбий қисмда бир кун" мавзусида кенг қамровли тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбирга 250 нафардан ортиқ ўқувчи ёшлар жалб қилиниб, улар бир кун давомида ҳарбий қисмда бўлишди, уларга "зирхли нимча" ва "каска" бош кийими кийдирилиб, ҳарбий қисм кун тартибига асосан машғулотларда иштирок этишди. Ҳарбий қисмда ёшлар учун 40 дан зиёд ўқув нуқталари ташкил этилди. Машғулот раҳбарлари ёшларни ҳарбийча ҳаётга ўргатиб, хавфсизлик қоидаларига риоя қилишлари юзасидан тушунтиришлар берилди. Дастлаб ўқувчилар ҳарбий қисм тарихи билан танишиб, мустақиллик йилларида жанговар ҳаракатлар вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ёд этилиб, хотира майдонига гулчамбарлар қўйилди.

Бухоро ҳарбий прокуратураси томонидан Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм билан ҳамкорликда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Бухоро шаҳрида жойлашган 38-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.

Тадбирда ўқувчи ёшларга ҳозирги кунда Қуролли Кучларда мавжуд бўлган қурол-аслаҳалар намойиш этилиб, ҳарбий хизматчилар томонидан миллий армиямизнинг жанговар салоҳияти ва имкониятлари ҳақида тушунчалар берилиб, якунда уларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.