September 17, 2019

Йўлдаги қоидабузарлик: қайси давлатда қанча жарима тўланади?

Жаримадан қарзи бор ҳайдовчиларни “овлаш” бўйича рейд эълон қилингач, “Жарималар нега бизда қиммат?”, “Ўзи дунё мамлакатларида жарималар қандай?” “Бошқалар ҳам шундай жарималар тўлайдими?” қабилида саволлар ёғила бошлади. Биз бу саволларнинг барчасига биттада жавоб беришга қарор қилдик ва хорижда йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун бериладиган жарималарни ўргандик.

Авваламбор, қанча ва қандай жарима қўллаш борасида мамлакатлар тажрибалари кескин фарқ қилади. Баъзиларида маст ҳолатда автомобиль бошқариш оқибатда ҳаёт билан видолашишга олиб келади, бошқаларида чўнтагингизда пул бўлмаса, машинани ташлаб кетишга тўғри келади, баъзи давлатларда жарима миқдори ҳайдовчининг даромадига боғлиқ. Келинг, гапни бир бошдан бошлаймиз.

Финляндия (Данияда ҳам шундай). Тезликни оширганлик учун жариманинг максимал миқдори чекланмаган. Бу мамлакатда жарима қоидабузарнинг йиллик даромадидан келиб чиқиб олинади. Бир неча йил аввал 27 ёшли Юсси Салонойа (Шимолий Европадаги гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “империя” меросхўри) 40 км/с белгиланган жойда 80 км/с тезликда ҳаракатлангани учун… 200 000 доллар атрофида жарима тўлади. Чунки унинг йиллик маоши 11,5 млн долларни ташкил қиларди.

Канадага ўтамиз. Альберта провинциясида рекорд – 25 000 доллар миқдоридаги жаримага дуч келиш мумкин (албатта, худо кўрсатмасин). Одатдаги жарималар 1000 доллар атрофида бўлади, аммо бир мотоциклчи 260 км/с тезликда юриб қўйиб, 12 000 долларга “аъзо” бўлганини келтирадилар.

Буюк Британияда – биздаги каби – тезлик қанчага оширилганига қараб жарима миқдори ҳам катталашади. Қоидабузарлик камералар орқали қайд этилади ва инглизлар, одатда, 100 долларлик жарима билан қутиладилар. Аммо, тезлик белгилангандан анча юқори бўлса, жарима ниҳоятда катта бўлиши ҳам мумкин. 2007 йилда Porsche 911 ҳайдовчиси қишлоқ йўлида 275 км/с тезликда ҳаракатланаётгани аниқланди. Бундан “бебошлик”дан дарғазаб бўлган Британия ҳокимияти тезликни оширганлик учун жариманинг икки баробарини ва, қўшимчасига, беэътибор бошқарганлик учун жаримани тўлашга ҳукм қилди. Натижада Porsche ҳайдовчиси 8000 долларга “қашшоқлашди”.

АҚШ. Бу ерда аксарият штатларда тезликни оширганлик учун жарима 1000 доллардан ошмайди. Аммо ҳамма жойда ҳам эмас. Масалан, Виржиния штатида бор-йўғи 15 км/с.га тезликни оширганлик учун 2500 “кўки”дан санаб беришга тўғри келади. Дарвоқе, баъзи штатларда тезлик жуда ошириб юборилса, қамоққа тушиш ҳам ҳеч гап эмас.

Франция, Швейцария, Италияда ҳам “ўпкаси йўқ”ларни ёқтиришмайди. Бу ерда тезликни оширганлик учун 2100 долларга тушиш мумкин.

Португалияда йўл полицияси мобил банкоматлар олиб юрадилар – жойининг ўзида жарима тўланади. Агар тўланмаса, машина бошқарувига қўйилмайди. Тезликни оширганлик учун жарима 1800 доллар туради. Жарима катталиги – бу бир муаммо бўлса, иккинчи муаммо – ким ҳам ўзи билан шунча пулни олиб юради, дейсиз?

Ҳайҳотдек Австралияда қоидаларни бузиш Европадагига қараганда арзонроққа айланади. Қолаверса, узоқдан-узоқ Австралия йўлларида ҳар бир машинани ким ҳам кузатарди? Лекин шаҳарларда камералар ҳеч кимни тинч қўймайди ва тезликни оширганда 850 доллар билан хайрлашишга тўғри келади.

Нидерландияда тезликни оширганлик учун 800 доллар тўланади. Бу ерда ҳам жарима полициячига воқеа жойининг ўзида тўланади. Иккинчи марта тезлик оширилса, ҳайдовчи қамоққа тиқилади, атвомобили эса мусодара этилади. Балки шунинг учундир, бу мамлакатда велосипедда юриш урф бўлган – аҳолининг машиналари мусодара омборларида тахланиб кетгандир?

Германия. Шумахер айнан германиялик эканлиги бежиз эмас. Чунки бу ерда тез юриш қўллаб-қувватланади. Баъзи автобанларда тезлик бўйича умуман чеклов йўқ. Тезлик чекланган жойларда эса, қоидабузарларни 623 долларлик жарима ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлиш кутади.

Россия. Бу ерда нархлар ўзгача. Тезликни оширганлик учун тахминан 85 доллар жарима тўланади. Лекин агар белгиланган тезлик режимини 60 км/с.дан кўпроққа бузган бўлсангиз, автомобиль бошқаришдан 4-6 ойга маҳрум қилиниши ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилиши кўринишида жарима кутади.

Гапни кўпайтирмайлик-да, навбатни жадвалга берайлик. Ундан ўзингиз хулоса чиқариб олаверасиз.

Нуқул Европа давлатларини олавермай, Осиёга ҳам бир назар ташлайлик. Япония ва Хитойни олиб кўрамиз.

Очиғи, Япония ҳам жазонинг қаттиқлигида асло қолишмайди:

  • тезликни ошириш – 800 доллар;
  • маст ҳолда бошқариш – 8700 доллар;
  • тўхтаб туриш қоидаларини бузиш – 835 доллар.
  • хавфсизлик камарини тақмаганлик учун – 450 доллар.
  • Қизил чироқда чорраҳани кесиб ўтиш – 417 доллар.

Хитойда махсус жарима баллари тизими мавжуд. Ҳайдовчига бир йил учун 12 балл берилади, агар у йил охирига қадар барча балларни “сарфлаб” қўйса, ҳайдовчилик гувоҳномаси уч ойга олиб қўйилади.

  • Тезликни оширганлик учун 320 доллар жарима;
  • маст ҳолда машина ҳайдаш: 80-320 долларлик жарима, 15 суткага қамоқ ва ярим йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш. Агар маст ҳайдовчи айби билан ЙҲҲ содир бўлиб, кимдир ҳалок бўлса – ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин;
  • қизил чироқда ўтганлик учун 30-32 доллар миқдорида жарима тайинланади ва 6 баллдан маҳрум этилади;

Мана шундай гаплар. Хулоса эса, шундай: пулни тежай десангиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузманг.