Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси янада мустаҳкамланди...

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Миллий армиямиз тараққиётининг замонавий босқичида, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан юртимиз хавфсизлигини таъминлашга, қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар салоҳиятини, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси ва соғлигини сақлаш самарадорлигини оширишга қаратилган муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 январь кунги ПҚ-2738-сонли “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарорига кўра миллий армиямизни ислоҳ қилиш, шу жумладан ҳарбий хизматчиларни соғлиғини сақлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган.

Шунга қарамасдан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан ўрганиш давомида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида тиббий ва санатория курорт таъминотини ташкил қилишда айрим муаммоларга дуч келинаётганлиги аниқланган.

Жумладан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Мудофаа Вазирлиги Марказий ҳарбий санаториясига дам олувчиларнинг кўпчилик қисми бошқа вилоятлардан келадиган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий пенсионерларни ташкил қилиб, санаторияга пул тўловларини амалга оширишда белгиланган айрим тақиқлар туфайли муаммоларга дуч келинаётгани, бу эса асосли эътирозларга сабаб бўлаётгани аниқланди.

Яъни, Мудофаа вазирининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида санатория-курорт таъминотини ташкил этиш ҳақида”ги Йўриқномада “Санаторияда дам олиш учун пул тўлови фақат Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали кассасига тўланиши лозим”лиги қайд қилинган.

Санаторияга ташриф буюрувчиларнинг аксарият қисми буйруқнинг мазкур талабларидан бехабар бўлганлиги сабабли, улар санаторияга ташриф буюрганларидан сўнг пул тўловларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳрига, яъни Марказий ҳарбий клиник госпиталга (оралиқ масафаси 115 кмни ташкил қилади) қайта боришга тўғри келган. Бундан ташқари, ҳарбий санаторияда дам олувчиларнинг аксарият қисми ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила-аъзоларини ташкил қилиб, кўп ҳолларда ҳарбий хизматчилар ёш фарзандлари билан дам олишга келаётган бўлсада, амалдаги пул тўлов тартиби бўйича ёш болалар ва катта ёшдаги шахсларга ҳам тўланаётган пул миқдори бир хил эканлиги, ёш болаларнинг озиқ-овқатни кам истеъмол қилиши, уларга айрим тиббий муолажалар (масалан физиотерапия ва бошқа) кўрсатилмаслиги инобатга олинса, дам олишлари учун имтиёз жорий қилинмаган. Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси томонидан ушбу ҳолатлар ўрганилиб, мазкур муаммолар таҳлил қилиниб, 2019 йил 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлигига Марказий ҳарбий санаторияга бораётган ҳарбий хизматчиларнинг 12 ёшгача бўлган фарзандлари учун йўлланманинг 25 фоизи миқдорида тўловни амалга ошириш ҳамда тўловларни Марказий ҳарбий санаториянинг ўзида қабул қилинишини белгилаш бўйича амалдаги буйруқларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклиф юборилган, ушбу таклифлар кўриб чиқилиши натижаларига кўра, 2019 йил 23 декабрь куни Мудофаа Вазирининг тегишли буйруқларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, эндиликда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий санаториясига борадиган ҳарбий хизматчиларнинг 12 ёшгача бўлган фарзандлари учун йўлланманинг 25 фоизи миқдорида ҳақ тўланиши ҳамда тўловларни Марказий ҳарбий санаториянинг ўзида ҳам қабул қилиниши тартиби белгиланди.

Ушбу янгилик Марказий ҳарбий санаторияга дам олиш учун бораётган ҳарбий хизматчиларга қулайлик яратиши билан биргаликда, уларни ижтимоий ҳимоясида ҳам муҳим аҳамият касб этади.