March 26, 2020

МЕҲР-ОҚИБАТ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Бугунги синовли ва жиддий вазиятда жаҳон ҳамжамияти, шу жумладан мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш борасида ҳамжиҳатликда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Короновирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мураккаб даврда халқимиз, бутун жамиятимиз учун кўрсатилган ғамхўрликнинг яққол ифодасидир.

Фармонга асосан ҳозирги шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида 10 трлн. сўм маблағ йўналтирилган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига ва жисмоний шахсларга қатор енгилликлар берилди ҳамда инфекцияга қарши курашга жалб қилинган шахсларни ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича самарали чоралар белгиланди.

Энг муҳими, оқибат, меҳр-мурувват ва саховат каби халқимизга хос хислатлар янада кўпроқ намоён бўлмоқда.

COVID-19 пандемиясига қарши курашда фуқароларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига тушаётган беминнат маблағлар ҳам бунинг далилидир.

Мазкур акция доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органлари ходимлари ҳам ўз ташаббуслари билан ихтиёрий равишда мазкур фондга беғараз пул ўтказмаларини амалга оширдилар.

Давлатимиз ғамхўрлиги билан инфекция таъсирида ҳали ҳеч ким ҳеч нарсага муҳтожлик сезгани йўқ, бундай бўлмайди ҳам.

Бу каби акциялар эса, синовли дамларда халқимизни янада жипслаштиради, ҳамжиҳатликни кучайтиради, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар бир инсон давлат ва жамият эътиборидан четда қолмаслигининг амалий исботидир.