КЎЧМА САВДО ЯРМАРКАЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА...
Фарғона ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, маҳаллий тадбиркорлар ва Қўқон шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими билан ҳамкорликда Қўқон шаҳридаги ҳарбий шаҳарчада ҳарбий хизматчилар оила аъзолари учун анча арзонлаштирилган нархларда 30 турга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари кўчма савдо ярмаркаси ташкил этилди.
Даставвал, ҳарбий шаҳарча ҳудуди, кўп қаватли уйлар атрофи, ҳар бир йўлак, айвон ва қаватлар фавқулодда вазиятлар бўлими ва ҳарбий қисм мутахассислари томонидан тўлиқ дезинфекция қилинди.
Шундан сўнг, савдо расталари тузилиб, ярмарка ўз ишини бошлади.
Унда ҳар бир қўп қаватли уйдан навбатма навбат ҳар бир хонадондан фақат бир нафар вояга етган шахснинг (болалар ва қариялардан ташқари) савдо нуқтасига келиши, озиқ-овқатлар расталарига ўтишдан олдин уларнинг тана ҳарорати масофавий ўлчаниб, қўлларига антисептик воситалар билан ишлов берилиши ва тиббий қўлқоплар тақилиши, икки метрлик ижтимоий масофа сақланиши таъминланди.
Бу каби кўчма савдо ярмаркалари бошқа ҳудудий ҳарбий прокуратуралар томонидан ҳам назорат ҳудудидаги ҳарбий шаҳарчаларда кенг ташкил этилмоқда.