February 21, 2020

“Болаларга беринг дунёни”...

Навоий ҳарбий прокуратураси томонидан Навоий гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти - Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Навоий шаҳрида жойлашган “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари билан “Болаларга беринг дунёни” мавзусида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланаётган ёш авлод вакилларини ватанпарварлик, она-ватанни севиш ва меҳр кўрсатиш йўлида тарбиялаш, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, уларнинг онги ва маданиятини ривожлантириш бўйича маърузалар тингланди, шу билан бирга Кармана тумани маданият бўлими жамоаси томонидан юрт тинчлигини асраш ва ватанни севишни тараннум этувчи манзур куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Шунингдек, тадбир давомида “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланаётган болаларга таклиф этилган ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий машқларни бажариш, шунингдек, ўқувчи ёшларнинг саҳналаштирилган чиқишлари намойиш этилди, фаол ўқувчи ёшларга китоб ва бошқа совға-саломлар тарқатилди.