Халққа хизмат қилиш – олий саодатдир.
Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Тошкент вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда, Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳрида жойлашган “Ёшлар Иттифоқи” биносида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, уларнинг оила аъзолари ва пенсионерлар иштирокида бевосита мулоқот ва сайёр қабул ташкил этилди.
Тадбирда, Ўртачирчиқ тумани мудофаа ишлари бўлими, Тошкент вилоят Давлат хизматлари агентлиги, Тошкент вилоят Халқ таълим бошқармаси, вилоят мактабгача таълим бошқармаси, вилоят Бандлик бош бошқармаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, ИИБ, Мажбурий ижро бюроси ва бошқа қатор мутассадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Сайёр қабул жараёнида фуқаролар ва ҳарбий хизматчиларни қийнаётган 85 дан ортиқ мурожаатлар тингланди.
Мазкур мурожаатларнинг асосий қисмини болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг меҳнат билан банд бўлмаган турмуш ўртоқларини бандлигини таъминлаш, коммунал соҳада учраётган муаммолар ва давлат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ масалалар ташкил қилди. Мурожаатларнинг Давлат хизматлари агентлиги Нурафшон шаҳар бўлими ва Мактабгача таълим бошқармаси фаолиятига тегишли бўлган 15 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида китоб мутоласи ва китобхонлик маданаятини юксалтириш мақсадида китобхонлик ярмаркаси ташкил этилиб, мазкур ярмаркада ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар ўзлари учун бадиий, маърифий, илмий оммабоп адабиётларни харид қилишди.
Бундан ташқари, тадбир ташкилотчилари томонидан Иккинчи жаҳон урушида ўзининг ёш умрини аямасдан, фашизм босқинчиларига қарши урушда жанг қилиб, ҳозирда Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳрида истиқомат қилиб келаётган уруш фахрийси Мажидов Ражап отанинг хонадонига ташриф буюрилиб, унинг ҳолидан хабар олинди ҳамда унга совғалар топширилди.