Фуқаро Ўлмас Тўлаевнинг 2020 йил 22 февраль кунидаги ижтимоий тармоқлар (YouTube) орқали қилган видеомурожаати юзасидан РАСМИЙ БАЁНОТ
Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи фуқаро Ў.Т.Тўлаев 2020 йил 22 февраль куни ижтимоий тармоқлар орқали (“МХХнинг буюртмаси қурбони” номли) қилган видеомурожаатида, 2015 йилда ДХХ Шофиркон туман бўлинмаси собиқ ходими Б.Қурбонов томонидан тўпланган сохта далиллар асосида жиноий жавобгарликка тортилиб, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилингани ва бошқа ҳолатлар ҳақидаги мурожаати Бухоро ҳарбий прокуратураси томонидан текширилиб, асоссиз равишда жиноят ишини қўзғатишни рад қилинганлигини баён қилган.
Ў.Тўлаевнинг муқаддам ҳам шу мазмундаги мурожаати бўйича Бухоро ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, натижасига кўра Б.Қурбонов ва бошқаларнинг ҳаракатида жиноят таркиби аниқланмагани сабабли, 2018 йил 2 апрель куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
2019 йил декабрь ойида ҳарбий прокуратурага келиб тушган янги ҳолат, яъни Ў.Тўлаевнинг мурожаати асосида Шофиркон тумани ИИБ томонидан тайинланган экспертиза хулосасига кўра Ў.Тўлаевда тан жароҳат излари аниқлангани ва унинг ўзи бу жароҳатни унга ДХХ вилоят бошқармаси тергов ҳибсхонасида етказилганидан (муқаддам эксперт хулосасида тан жароҳат излари аниқланмаган) келиб чиқиб, 2019 йил 10 декабрь куни 2018 йил 2 апрелда қабул қилинган жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган, ушбу текширув давомида Ў.Тўлаев мурожатини яна бошқа ҳолатлар билан тўлдириб уларни текширилишини ҳам сўраган.
Қўшимча текширувда Б.Қурбоновнинг суд, прокуратура ва ички ишлар фаолиятига ноқонуний аралашиб, Ў.Тўлаевга нисбатан ишни тергов қилиш ва судда кўриб чиқилишида босим ўтказгани, далилларни сохталаштириш орқали ноқонуний қарорлар чиқарилишига эришгани, ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси тергов ҳибсхонасида Ў.Тўлаевга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилгани, иқрорлик аризалари олингани,“Дилнавоз-Сардор” фермер хўжалиги раҳбари М.Мирзаевга тазйиқ ўтказиб, фермер хўжаликка қарашли бўлган ер майдонини заҳира фондига ўтказиб, тендер асосида фуқаро А.Ахадовга ўтказишда туман собиқ ҳокими Ш.Жумаевга кўрсатма бергани каби мурожаатлардаги ҳолатлар ҳар томонлама ва холисона ўрганилиб, тегишли идоралар, мансабдор шахслар ва фуқаролардан олинган тушунтириш ва маълумоларга асосан, юқоридаги қайд этилган ноқонуний деб кўрсатилган ҳаракатлар аслида содир этилгани тасдиқланмаган.
Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасида Ў.Тўлаевнинг ўнг оёғи кичик болдир суяги пастки учлигидан эскидан синиб битган тан жароҳати мавжудлиги аниқланган бўлсада, ушбу тан жароҳат айнан қачон ва қандай тарзда келиб чиққанлигини аниқлаш имконияти йўқлиги маълум қилинган.
Ў.Тўлаевнинг мурожаатидаги кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмагани ва Б.Қурбоновнинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмагани сабабли, 2020 йил 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қайта қарор қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасида ўрганилиб, қонуний деб топилган.