ИЖОБИЙ КЎРСАТКИЧЛАРГА МАҲЛИЁЛИК – ТУРҒУНЛИК ВА ИНҚИРОЗ ОМИЛИ.
2020 йил 8 февраль куни Бош прокуратурада прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар ҳамда прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2019 йилдаги фаолияти натижалари муҳокама қилинди.
Ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т.Йўлдошев маъруза қилди.
Йиғилишда прокуратура органлари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, қонунлар ижроси устидан назорат, шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давлат дастурлари ижросини ташкил этиш борасидаги тадбирлар натижасида 90 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 154 минг нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан жами 2 трлн. 341 млрд. сўмлик зарарни қопланиши таъминланди.
Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиётимиз ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 4.163 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 15.961 нафарига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилди.
“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастурларида белгиланган тадбирлар ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги вазифаларнинг сифатли ижро этилиши устидан доимий назорат ўрнатилди.
Жумладан, Бош прокуратурага бириктирилган Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри, Оҳангарон ва Бекобод туманларида мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилиб, барча манбалар ҳисобидан 601 млрд. сўмлик коммуникация тармоқлари ҳамда уй-жойларни таъмирлаш, ижтимоий объектларни қуриш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилиши таъминланди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббусни амалга ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш каби долзарб масалаларда кенг қамровли тадбирлар олиб борилди.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган фуқароларни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 1.554 та оғир шароитда яшаётган ҳамда 9.896 та уй-жойга муҳтож оилаларга амалий ёрдам кўрсатилди, 7.324 нафар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини самарали ташкил этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 647 та мувофиқлаштирувчи йиғилишлари ўтказилди.
Ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида умумий жиноятчиликни 6 фоизга камайишига эришилди, 3.074 та маҳалалларда жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Судларда жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар кўрилишида фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.
Прокурор протестларига асосан жиноий судларнинг 1 997 нафар шахсга нисбатан қарорлари, шунингдек фуқаролик судларининг 1 455 та, иқтисодий судларнинг 786 та, маъмурий судларнинг 1 085 та қарорлари ўзгартирилиши ёки қонунга мувофиқлаштирилиши таъминланди.
Прокуратура органлари томонидан 2019 йилда 313 мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари бевосита прокуратура органларида ҳал этилди,
46 мингдан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан бюджетга 1,4 трлн. сўмга яқин маблағ қўшимча ҳисобланиб, шундан 563 млрд. сўми ундирилди, ноқонуний муомаладаги 3 млн. 306 минг АҚШ доллари ва 6,9 млрд. сўм олиб қўйилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ҳам газ ва электр энергиясидан 37 трлн. сўм, ижро ҳужжатлари бўйича 15,7 трлн. сўмлик ундирувлар амалга оширилди.
Маърузада асосий эътибор прокуратура органларининг 2019 йилдаги фаолиятида қўйилган камчиликлар, хато ва нуқсонлар ҳамда уларни тезкор равишда бартараф этиш чораларига қаратилди.
Зотан, Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, натижадорлик ҳаммамиз учун бош талаб, асосий мезонга айланмоқда. Бу борада 2020 йил барчамиз учун алоҳида синов ва масъулият йили бўлади. Энди кечаги ютуқ ва марралар, бизни сира қониқтирмайди.
Барча даражадаги прокурорлар айрим рақамларда акс этган ижобий кўрсаткичларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка берилмаслиги керак.
Бинобарин, Ҳайъат мажлисида ҳар бир ҳолат бўйича масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди.
Энг муҳими, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар, 2020 йилда прокуратура органлари ишида сифат ва самарадорлик, таъсирчанликни таъминлашга қаратилган аниқ чоралар уларни рўёбга чиқариш механизмлари билан уйғун тарзда белгилаб берилди.
Хусусан, тизимдаги аксарият раҳбарлар ишни режалаштиришни билмаслиги оқибатида йиллар давомида профессионал фаолият қолиб кетиб, вақти ва кучини беҳуда сарфлашга одатланиб қолгани таъкидланди.
Ана шундай кайфиятда юрган 180 нафарга яқин раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этилган ёки бошқа интизомий жавобгарликка тортилган.
Зотан, уларнинг айби билан асосий йўналиш – қонунлар ижроси устидан назорат қониқарсиз аҳволга тушиб қолган, оддий одамларни қийнаб келаётган кўплаб муаммо ва тизимли камчиликларга эътибор қаратилмаган.
Айниқса, бундан буён Президентимиз Мурожаатномасига ҳамоҳанг тарзда прокуратура фаолиятида ижтимоий соҳага оид қонунлар ижроси устидан назорат устувор аҳамият касб этиши кераклиги қайд этилди.
Зеро, одамларнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлувчи аксарият муаммолар шу соҳага алоқадордир.
Прокурорлар аҳолининг ижтимоий ҳимоясидаги мавжуд муаммоларни амалда бартараф этиш, айниқса, бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўйича назорат тадбирларини кучайтиришлари талаб этилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб муаммолар, хусусан оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар тарқалиши масалалари доимий эътибор марказида бўлиши шартлиги уқтирилди.
Дори воситалари ҳаракатини назорат қилиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига чек қўйиш борасида ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментдан алоҳида ташаббускорлик ва қатъият талаб этилади.
Ўз навбатида, шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш ишларига прокуратура органлари ҳам муносиб ҳисса қўшишлари зарур.
Тиббиёт ходимларини ҳақоратлаш, уларга тан жароҳати етказиш каби ҳолатларга нисбатан тезкорлик билан қатъий муносабат билдириб, уларнинг олдини олиш чораларини кўриш устувор вазифалардандир.
Хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқлари, меҳнатга оид қонунчилик ижроси прокуратура органларининг доимий таҳлил предметига айланиши зарурлигига эътибор қаратилди.
Ҳар бир прокурор Мурожаатномада белгиланган ва хотин-қизлар ҳамда ёшлар учун ҳар томонлама муносиб шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни молиялашга ажратилган маблағларнинг ўз эгаларига етиб боришини ҳамда мақсадли ишлатилишини таъминлаш чораларини кўриши керак.
Прокуратура органларида ёшлар ташкилотининг бошланғич тизими фаолиятини тўлиқ ва самарали йўлга қўйиш талаб этилади.
Ҳар бир прокурор ўз ҳудудида бирон-бир ёшнинг, жумладан ишсиз, имконияти чекланган, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ва бошқа тоифадаги йигит-қизларнинг эътибордан четда қолмаслиги учун шахсан жавобгардир.
Вояга етмаганлар ҳақидаги қонунчилик ижроси бўйича ҳам ечимини кутаётган муаммолар жуда кўп.
Мурожаатномада белгиланган мактабгача таълим билан қамровни 60 фоизга етказиш, ушбу мақсадларга бюджетдан қарийб 1,8 трлн. сўм маблағ ажратиш, мактаблар қурилиши ва таъмирланишига 1,7 трлн. сўм йўналтириш бўйича вазифалар ижроси, тегишли бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши прокурорларнинг доимий назоратида бўлиши керак.
Вояга етмаганларнинг ўз жонига қасд қилиши ҳолатларининг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўриш тақозо этилади.
Яратилаётган янги иш ўринларига, аҳолининг бандлигига доир ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш ҳам прокурорларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши лозим.
Мурожаатномада белгиланган иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича вазифалар ижроси устидан назоратни таъминлашда прокуратура органлари зиммасига алоҳида масъулият юкланади.
Бу борадаги муаммоларга прокурорлар эътиборсиз бўлса, таъбир жоиз бўлса, фақат “статист” вазифасини бажариб ўтирса, кўзланган мақсадга эришиш қийин кечади.
Прокурорлар тадбиркорликнинг ҳар бир соҳасига чуқур кириб, ундаги муаммолар, бюрократик тўсиқларни ўрганиши керак.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тадбиркорлар муаммосини аниқлаш учун, зарур бўлса, тегишли экспериментлар ўтказиб бориши лозим.
Соғлом рақобат ва қулай инвестиция муҳитини шакллантириш учун яширин иқтисодиётга барҳам бериш тақозо этилади. Айнан ана шу йўналишда ҳам Департамент зиммасига катта масъулият юклатилади.
Хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экспортёрларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам прокурорларнинг доимий эътиборида бўлиши зарурлигига алоҳида урғу берилди.
Экспорт жараёнида божхона, санитария, карантин, ветеринария каби идоралар томонидан тадбиркорлар фаолиятига қўйилаётган турли тўсиқлар, суиистеъмолчиликларга барҳам бериш вақти келди.
Бунда, бир-иккита масъул идора ходимини жавобгарликка тортиш билан масала ҳал бўлмайди.
Муаммонинг туб сабабига етиб бориб, уни бартараф этиш йўлларини топиш талаб этилади.
Прокурорлар Инвестиция дастурига киритилган объектлар бўйича пудратчиларни танлашдаги қонунбузарликлар, хусусан тендер талабларини четлаб ўтиш ҳолатларига чек қўйиш учун масъул эканлиги алоҳида қайд этилди.
Яқинда кўрилган аниқ чоралар натижасида мамлакат бўйича бир ойда қурилиш лойиҳаларидан 54 млрд. сўм тежаб қолинганига урғу берилиб, прокурорлар олдига бу борада янгидан жорий этилган назорат амалиётини кучайтириш вазифаси қўйилди.
Қолаверса, республика ва маҳаллий бюджетларнинг прогноздан юқори тушумларидан ярмини инфратузилма объектларини ривожлантиришга йўналтириш белгилангани мазкур маблағлар сарфланиши устидан назоратни икка карра кучайтиришни тақозо этиши таъкидланди.
Бунинг учун ҳар бир вилоят, туман, шаҳар прокурорининг иш столида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ барча дастурлар бўлиши керак.
Прокурор ажратилган маблағларнинг ўз ҳудудига етиб келганидан бошлаб, тармоқлар кесимида қаерга, қандай сарфланаётганини доимий назорат қилиб бориши лозим.
Ҳудуддаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда прокурорлар раҳбарлигидаги секторлар фаолияти юзасидан талабчанлик кескин оширилиши ҳам қайд этиб ўтилди. Бу масалага иккинчи даражали вазифа сифатида қараган прокурорлар жуда қаттиқ адашиши ва қатъий жавобгар бўлиши аниқ вазифалар асносида баён этилди.
Тизимнинг чинакам “халқ прокуратураси”га айланиши биринчи навбатда секторлар фаолиятига боғлиқ эканлиги таъкидланди. Айниқса, секторлар ҳар бир аниқ вазиятда муайян фуқаро томонидан кўтарилган масалани тезкорлик билан жойида ҳал этиш чорасини кўриши шарт. Шундай йўл тутиш лозимки, секторга мурожаат қилган фуқаро ўз муаммосининг ечимини айнан шу сектор раҳбари ёрдамида топиши керак.
Бир сўз билан айтганда, прокурор сектори доим “локомотив” бўлиши шарт.
Мурожаатномада қайд этилганидек, корхоналар фаолиятини текширишга эълон қилинган мораторий муддати тугади.
Шу муносабат билан эски усулда, ёппасига текшир-текширлар бошланиб кетишининг олдини олиш прокуратура органларининг муҳим вазифаларидандир.
Ҳозирда фаолият юритаётган 50 га яқин назорат органлари фаолияти юзасидан талабни кескин кучайтириш зарур.
Бундан 10 йиллар олдин назорат органлари билан имзоланган қўшма тартиблар замон талабларига умуман жавоб бермайди. Бинобарин, тез кунларда уларни қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда Мурожаатномада белгиланган илғор тажрибалар асосида барча даражадаги назорат идораларида янги замонавий тизим жорий этиш вазифаси сўзсиз инобатга олиниши шарт.
Мурожаатномадан келиб чиқадиган яна бир муҳим вазифа шуки, прокуратура органларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлигини тубдан яхшилаш талаб этилмоқда.
Шу боис, прокурорлар олдига маҳаллий Кенгашларга номига ахборот киритиб қўйиш ёки расмиятчилик учун ҳисобот беришдек номақбул амалиётдан воз кечиш вазифаси қўйилди.
Жумладан, ҳудудлардаги долзарб ижтимоий – иқтисодий масалалар, коррупциявий ҳолатлар ва бошқа муҳим масалаларни ҳал этишда маҳаллий Кенгаш платформасидан кенг фойдаланиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш бўйича Мурожаатномада белгиланган вазифалар прокуратура органлари зиммасига қўшимча масъулият юклайди.
Ҳайъат мажлисида ҳозирда салкам 120 минг гектар суғориладиган ерларнинг ҳокимликлар захирасида тургани ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш борасида прокурорлар ташаббус кўрсатиши шартлиги уқтирилди.
Барча вилоят прокурорлари ушбу масалани атрофлича ўрганиб, биринчи чорак якуни бўйича аниқ таклифлар тақдим этиши лозимлиги вазифа қилиб қўйилди.
Шунингдек, кластерларга бюджетдан ажратилган имтиёзли кредитларнинг ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилишини таъминлаш, улар томонидан фермер хўжаликларига тўланиши лозим бўлган якуний маблағларни ундириш бўйича аниқ чоралар белгилаб берилди.
Айни пайтда айрим ҳудудларда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ҳамда ноқонуний қурилишларни аниқлаш ҳамон суст олиб борилаётгани танқид қилиниб, прокурорлар зиммасига бу борадаги сусткашликка чек қўйиш бўйича вазифалар юклатилди.
Ҳайъат мажлисида жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Айрим ҳудудий прокуратура органлари томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларига етарли эътибор берилмаётгани кескин танқид остига олинди.
Бу борадаги ҳудудий “Йўл харита”лари ижросига расмиятчилик билан қараш ҳоллари ҳамон давом этаётгани билан бундан буён муроса қилиб бўлмаслиги қайд этилди.
Прокуратуранинг ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорати самарадорлигини ошириш бўйича янги вазифалар ҳам белгилаб берилди.
Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган инсон ҳуқуқларини поймол этиш, қийноққа солиш билан боғлиқ ҳар бир ҳолатга нисбатан прокурорлар қатъий муносабат билдириб боришлари талаб этилади.
Ҳайъат мажлисида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тадбирларни мувофиқлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланишича, кўп йиллар давомида бу борадаги ишлар қуруқ расмиятчилик учун қилинган, тегишли Комиссия йиғилишлари ҳам номига ўтказиб келинган.
Ҳолбуки, коррупцияга қарши курашиш борасида қўлга киритилган ютуқлардан кўра ҳали қилинадиган ишлар кўп.
2017–2019 йиллар давомида 6127 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинганлиги ҳам коррупцияга қарши курашиш аҳволи бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда.
Ўз навбатида, биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кучи билан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда ижобий натижаларга эришиб бўлмаслиги сир эмас.
Аввало, кенг жамоатчиликнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабати шаклланиши зарур.
Давлатимиз раҳбари таъбири айтганда, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак.
Албатта, бу машаққатли, бироқ, амалга оширишимиз мумкин ва шарт бўлган вазифадир.
Зотан, 2019 йилда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 86,6 фоизи коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Демак, жамоатчилик коррупцияга қарши курашда давлат органларига кўмаклашишга тайёр.
Бинобарин, прокуратура органлари учун Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор вазифалардан бири ҳам – бу сўзсиз, коррупция иллатига қарши кураш самарадорлигини оширишдир.
Тан олиш керакки, кейинги йилларда яратилган шунча шароит ва имкониятларга қарамасдан, жамиятнинг бу балодан тамомила халос бўлишига эришилмаяпти.
Айниқса, баъзи соҳа ва тармоқларда коррупцияга қарши қўлланаётган ва шу тизимларнинг юқори идоралари томонидан белгиланган чора-тадбирлар кутилган натижани бермаяпти.
Бош прокуратура томонидан яқинда соғлиқни сақлаш, олий таълим тизимларидаги, шунингдек ердан фойдаланишдаги коррупция ҳолатлари таҳлилига бағишлаб тадбирлар ўтказилди.
Биз ушбу йўналишлардаги коррупциявий ҳолатларни аниқ таҳлиллар, факт ва рақамлар асосида муҳокама қилдик, масъулларга, хусусан прокуратура органларига тегишли қўшимча кўрсатмалар бердик.
Бироқ, эътироф этиш керакки, Давлатимиз раҳбарининг бу борада Мурожаатномада илгари сурган ташаббуслари ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Хусусан, рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали инсон омилини камайтириш коррупцияни йўқотишда ҳам катта самара беради.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди.
Бу ҳам, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзида коррупцияга барҳам беришнинг энг муҳим омилларидандир.
Айни пайтда парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш ташаббуси давлат бошқарувидаги тарихимизнинг янги саҳифасига асос солди.
Зеро, жаҳоннинг кўплаб барқарор ва тараққий этган мамлакатларида ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида органлар давлат ва жамият равнақига катта ҳисса қўшмоқда.
Ҳайъат мажлисида қайд этилганидек, охирги йилларда прокуратура тизимининг ўзида ҳам коррупциянинг олдини олиш ишлари самарасиз ташкил этилган, коррупциянинг туб сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишда сезиларли натижага эришилмаган.
Қисқа даврда тизимни номуносиб ходимлардан тозалаш мақсадида 98 нафар ходим тизимдан бўшатилди, 282 нафари лавозимидан озод қилинди. Бу ишлар бундан кейин ҳам давом эттирилиши алоҳида қайд этилди.
Прокуратура органларида мурожаатлар билан ишлаш борасидаги камчиликларни тезкорлик билан ҳал этиш давр талаби эканлиги алоҳида таъкидланди.
Агар фуқаро қуйи прокуратура қароридан норози бўлиб, юқори прокуратурага мурожаат қилса, бу қуйи бўғинда муаммо борлигидан дарак бериши қайд этилди.
Мурожаатни камайтиришнинг бирдан-бир йўли – бу уни ваколат доирасида, тўғри ва сифатли ҳал этиш, мурожаат муаллифига асосли тушунтириш беришдир.
Мурожаат рад этилганда муаллифга фақат жавоб хати юбориш билан чекланмасдан, фуқаро билан бевосита мулоқот асосида унга нима учун мурожаати рад этилганини тўлиқ тушунтириб бериш, зарур йўл-йўриқлар кўрсатиш шарт.
Ҳайъат мажлисида Давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада белгиланган яна бир муҳим вазифа – амалдаги Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят- ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Фуқаролик кодексларини янгитдан қабул қилиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Тегишли ишчи гуруҳлар зиммасига янги кодекслар лойиҳасига давлатимизнинг янгиланган сиётидан келиб чиқадиган муҳим қоидаларнинг барчасини мукаммал тарзда киритиш вазифаси қўйилди.
Бунда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, қонун устуворлиги, адолат тантанаси ҳамда жиноят учун жазонинг муқаррарлиги тамойилларини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган нормаларни ривожланган демократик давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Айниқса, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида Мурожаатномада белгиланган вазифаларга мувофиқ, кодекслар лойиҳаларида суд мустақиллигига раҳна солиши мумкин бўлган бирон-бир бўшлиқ ёки “ҳуқуқий имконият” бўлмаслиги шарт.
Бунинг учун лойиҳалар тор доирадаги мутахассислардангина иборат гуруҳлар томонидан эмас, барча манфаатдор тузилмалар, жумладан фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб қилган ҳолда пухта тайёрланиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Ҳайъат мажлисида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.