Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ҳудудий давлат ёнғин назорати органлари ходимларининг малакасини ошириш ва коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Фақулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда, ҳудудий давлат ёнғин назорати органлари ходимларининг соҳа йўналишида малакасини ошириш, текширишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда соҳада коррупция ҳолатларига йўл қўймасликка ва қонунийликни таъминлаш мақсадида ўқув семинар машғулоти ташкил этилди.
Мазкур семинарда ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари бошлиқларининг Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўйича ўринбосарлари, Ёнғин назорати ва профилактикасини ташкил этиш бўлими, Норматив-техник бўлими ҳамда Маъмурий ва терговга қадар текширувни юритиш бўлими бошлиқлари, Тошкент шаҳар бошқармаси тизимидаги туман Фавқулодда вазиятлар бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг профилактика бўйича ўринбосарлари иштирок этди. Семинарда Республика Ҳарбий прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича ёрдамчиси адлия майори Ш.Ж.Ражабов томонидан иштирокчиларга давлат ёнғин назорати органларида қонунлар ижроси устидан назорат масалалари, ёнғинлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказиш тартиби, маъмурий амалиёт ҳамда коррупцияга қарши кураш бўйича тушунчалар берилиб, якунда иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар берилди.