Уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш давом этмоқда...
Тошкент ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм харбий хизматчилари, Нуронийлар уюшмаси ва Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда, Ангрен шаҳрида яшовчи Улуғ ватан уруши қатнашчиси Зафар ота Шоисаевни ҳолидан хабар олиш мақсадида яшаш хонадонига ташриф буюрилди.
Ташриф давомида Зафар ота Шоисаев билан дилдан суҳбатлашилиб, унга эсдалик совғалари топширилиб, ҳовлисига мевали дарахтлар ўтқазилди.
Нукус ҳарбий прокуратураси прокурор-тергов ходимлари томонидан Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмлар офицерлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Шимбай тумани “Қаражон” овулида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон ва Совет-япон урушлари қатнашчиси 97 ёшли Салий ота Ганиевнинг холидан хабар олиш мақсадида яшаш хонадонига ташриф буюрилиб, унга эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, Жиззах ҳарбий прокуратураси томонидан Бахмал туманида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, “Ёшлар иттифоқи” Бахмал тумани бўлими вакиллари, мактаб ўқувчилари билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Жиззах вилояти, Бахмал туманида истиқомат қилувчи 100 ёшни қарши олган Мавлон ота Умаровнинг хонадонига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олинди ва унга совғалар топширилди.
Ташриф давомида ҳарбий прокуратура ходимлари ва ҳарбий хизматчилар Мавлон ота Умаровнинг ҳовлисида ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, турли мевали дарахтлар экилиб, мавжуд дарахтлар оқланди.
Бундан ташқари, Андижон ҳарбий прокуратураси ва Андижон гарнизони ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм билан ҳамкорликда Жалақудуқ тумани, Қўштерак м.ф.й, Манзара кўчасида яшовчи 98 ёшли Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Зайнобиддин ота Қодировни ҳолидан хабар олиш мақсадида унинг яшаш хонадонига борилди.
Ташриф давомида, Зайнобиддин ота ташриф буюрганларга уруш даврининг унутилмас воқеалари, хусусан, бир қатор шаҳарларда бўлиб ўтган жангларда бевосита иштирок этгани, ушбу жангларда бошқа қуролдошлари билан бирга матонатли жанг қилиб, ғалабаларга эришгани, жанглар давомида турли жароҳатлар олгани, шунга қарамасдан жангларда иштирок этишни давом эттиргани, халқимизнинг бу даврда бошидан кечирган қийинчиликлари, матонати ҳамда уруш даврида фронт ортини таъминлашда кўрсатган жонбозликлари ҳақида сўзлаб берди. Зайнобиддин отага ҳарбий прокуратура ва ҳарбий қисм томонидан эсдалик совғалар топширилиб, унинг хонадонига мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилиб ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.