ШУМАНАЙДА “ЁШЛАР БОҒИ”ДА КЎЧАТ ЭКИЛДИ.

Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида 12 гектар ер майдонида барпо этилаётган “Ёшлар боғи”га кўчатлар экилиши бошланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Нукус ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, сенаторлар, Миллий гвардия ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек ёшлар ва муддатли ҳарбий хизматчилардан иборат ташаббускор гуруҳлар иштирок этди.

Ушбу ташландиқ бўлиб ётган ер майдонида олдин бегона ўтлар ҳамда ўтиб бўлмас даражада чакалакзорлар мавжуд эди. Эндиликда ернинг 12 гектар майдонида 60 минг туп мевали дарахтлардан иборат кўркам боғ, яна 40 гектарга яқин жойда эса ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, шундан кейин уни имтиёзли равишда экин экиш учун ёшларга берилиши режалаштирилмоқда.

“Ёшлар боғи”ни яратишда фаол иштирок этган ташаббускор гуруҳлар ҳамда ҳарбий хизматчилар “Армия ва халқ – бир тану, бир жон!” деган эзгу ғоянинг амалда исботини кўрсатиб, кўчатларни биргаликда ўтқазишди.

Ҳашарга келган аҳоли учун Шуманай туман ҳокимлиги томонидан байрамона дастурхон ёзилиб, катта қозонда палов дамланди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар ҳашарчиларнинг кайфиятини кўтариб, ғайратига янада шижоат бағишлади.