Бутун жаҳон интернет тармоғи қачон ташкил топган?
Бугунга келиб интернет инсонлар ҳаётига шунчалик сингиб кетганки, замонавий жамиятни усиз тасаввур қилиб бўлмайди. "Бутунжаҳон ўргимчак тўри" йил сайин янгидан-янги соҳаларни қамраб олмоқда. Шундай экан, Интернет замонамизнинг энг буюк кашфиётлари билан бир қаторда туришга ҳақли.
Интернет тарихи
Маълумотларни тезкорлик билан етказиш қурилмасини яратиш ҳақида биринчи марта 1950-йилларда АҚШда бош қотиришган. Бироқ бундай қурилманинг қўлланилиши ҳарбий хатти-ҳаракатлар қайд этилган ҳолатларда ахборот етказишда устунликка эга бўлиш мақсадига йўналтирилган. Шу боис лойиҳани молиялаштириш учун Америка Қўшма Штатлари Мудофаа вазирлиги масъул бўлган.
ARPA (АҚШ армиясидаги янги технологиялар учун жавоб берувчи агентлик)да пайдо бўлган ғоялардан бири тармоққа бирлаштирилган компьютерлардан фойдаланиш бўлди. Ғоя моҳияти шундан иборат эдики, бу тармоқ тугунлари махсус ажратилган иншоотларда бўлиб, улардан бири ишдан чиққан тақдирда, қолгани автоном ишлай оларди. Бу эса ҳар қандай хабарни зудлик билан тегишли манзилга йўллаш имконини берар эди.
АҚШнинг тўрт компанияси лойиҳани амалга оширишга киришганидан сўнг ARPA ғояси қабул қилинган. Улар орасида Стэнфорд тадқиқот маркази ва уч университет (Юта, Калифорния штатларидаги Стэнфорд университети ва Калифорниядаги Лос-Анжелес университети) бор эди.
1961 йилда Леонард Клейтон томонидан яратилган услуб ишланмани ҳаётга татбиқ қилишга туртки берди.
Леонард Клейтон
Синовларга 1969 йилнинг 29 октябрида старт берилган. Ишлаб чиқарувчилар бир-биридан 640 км масофадаги икки компьютерни танлашган. Вазифа «LOGIN» сўзини бир компьютердан бошқасига йўллашдан иборат бўлган. Иккинчи уринишдаёқ ижобий натижага эришилган. Шу тариқа, Интернет пайдо бўлишининг расмий санаси 1969 йилнинг 29 октябри ҳисобланади. Биринчи компьютер тармоғи эса ишлаб чиқарувчилар шарафига ARPANET дея номланган.
Мобил интернет
Замонамиз кишиси ўз ҳаётини мобил интернетсиз тасаввур қила олмаса керак. Бу истаган вақтда керакли маълумот олишнинг энг осон ва тезкор усулидир.
Илк мобил интернет 1998 йилда CSD-уланиш воситасида пайдо бўлган, лекин фақат 2000-йиллардан кейингина танила бошлаган. Бу CSD-уланишнинг фойдаланувчига жуда қимматга тушиши билан боғлиқ бўлган.
Кейинчалик мобил интернетнинг янги тури – WAP пайдо бўлди. Унга кўра, фойдаланувчи фақат сарфлаган трафиги учунгина пул тўлайдиган бўлди. Ўшандан буён мобил интернет одамлар орасида кенг тарқалиб, оммалаша бошлади.
Ундан кейин GPRS ва EDGE-уланиш турлари пайдо бўлди. Булар мобил чатларда мулоқот қилиш имкони туфайли фойдаланувчиларнинг эътирофига сазовор бўлди.
Бугунга келиб, 3G ва 4G уланиш турлари энг машҳур ҳисобланади. 4G уланиш тезлиги бўйича ютади, 3G эса ҳудудий тарқалиш кўрсаткичларига кўра етакчилик қилади. Келгусида такомиллаштирилган 5G интернетнинг татбиқ қилиниши режалаштирилмоқда.
Илк электрон хабар
Биринчи электрон хабар дастурчи ва электрон почта ишлаб чиқарувчиси Рэй Томплинсон томонидан тузилган. У ARPANET дастурчиси бўлган ва e-mail орқали маълумот етказиш серверини ишлаб чиққан. 1971 йилда дунёдаги биринчи электрон хабар йўлланган.
Рэй Томплинсон
Орадан кўп вақт ўтган бўлишига қарамай, электрон почта интерфейсида катта ўзгаришлар кузатилмаган ва у ўзининг асосий вазифасини бажаришда давом этмоқда. Фақат электрон почта функционали кенгайган, масалан, матнли хабарга файлларни бириктириш функцияси пайдо бўлган.
Биринчи сайт
Дунёдаги энг биринчи сайт 1991 йилнинг 6 августида пайдо бўлган, у Том Бернерс-Ли томонидан ишлаб чиқилган. Сайт ахборот матнли веб-саҳифа кўринишида бўлиб, унда графиклар бўлмаган.
Том Бернерс-Ли
Бироқ бу веб-саҳифа туфайли 90-йиллар интерфейси билан танишиш ҳамда сайтларнинг ички ва ташқи мазмунида эришилган ўзгаришларни сезиш имкони пайдо бўлди.
Қизиқ далиллар
Жаҳон миқёсида интернет ривожланиши давомида қайд этилган баъзи қизиқ далиллар:
- Биринчи "смайлик" (smile - табассум) 30 йилдан илгари пайдо бўлган. Унинг яратувчиси сифатида Скотт Фальман эътироф этилади, "смайлик"нинг ўзи эса кайфиятни ифодаловчи машҳур рамзлардан бири ҳисобланади.
- YouTube каналида ҳар дақиқада 100 соат давомийликка эга янги материаллар жойланади.
- Интернетда «спам» сўзи тез-тез қўлланади. Бу сўзнинг келиб чиқиши қизиқ. Spam – жонга тегувчи ва тинимсиз реклама ҳисобига машҳурликка эришган гўшт консервалари номи.
- Илк веб-камеранинг пайдо бўлиши Кембриж университети билан боғланади. Унинг ўзига хослиги шундаки, веб-камера дастлаб қаҳва дамлагичда ўрнатилган бўлиб, унинг мақсади қаҳванинг тайёр ё тайёр эмаслигини кузатиш бўлган.
- Google қидирув тизимига бир ойда ўртача 35 миллиарддан ортиқ сўровнома келиб тушади.
- Google логосини яратишда орфографик хато кетган. Қидирув тизимини катта ҳажмдаги очиқ маълумотларни ифодалаш учун дастлаб Googol дея номлаш режалаштирилган. Бироқ тасодифий хатодан кейин ўша номни қолдиришга қарор қилишган, зеро бу сўз визуал жиҳатдан ишлаб чиқарувчиларга кўпроқ маъқул бўлган.