March 28, 2020

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ОИЛА АЪЗОЛАРИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРИМИЗ МАРКАЗИДА

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хорижий давлатлардан чартер рейслар орқали олиб келинган фуқароларимизни карантин жойларида сақланишида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилмоқда.

Хизматдаги ҳарбий хизматчиларимизнинг оила аъзолари эса уйда қолиб, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда фарзандлари тарбияси билан машғул бўлмоқдалар.

Бундай вазиятда ҳарбий хизматчиларнинг ўз хизматларини меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибда олиб боришларига кўмаклашиш баробарида уларнинг оила аъзоларини кундалик эҳтиёж учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиеник ҳимоя воситалари билан таъминлашда қулайликлар яратиш, фарзандларининг вақтини самарали ўтказишга эришиш мақсадида Навоий ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда ҳарбий пенсионерларга “Бигпромсервис” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган тиббиёт ниқоблари, антисептик воситалар ва махсус нам салфеткалар бепул тарқатилди.

Уй шароитида бўш вақтларини янада унумли ўтказиш мақсадида ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандлари учун турли жанрдаги қизиқарли адабиётлар, шунингдек карантин қоидаларига амал қилиш, ҳаракатланишни чеклаш ва уй шароитида сақланишга доир эслатмалар ва китоблар берилди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан ҳарбий шаҳарча ҳудуди ҳамда кўп қаватли уй йўлаклари тўлиқ дизенфекция қилинди.

“Кармана Голден Групп” МЧЖ билан ҳамкорликда ҳарбий шаҳарчада арзонлаштирилган тухум ва товуқ гўшти маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.

Бу каби тадбирлар ҳарбий хизматчиларимизни зиммаларига юклатилган хизмат мажбуриятларини хотиржам ва янада шижоат билан давом эттиришларига хизмат қилади.