Андижон вилояти мудофаа ишлари бошқармасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан.
2020 йил 4 февраль куни ижтимоий тармоқ орқали Андижон вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғув пунктида сафарбарлик чақируви резерви хизматчиларини ҳарбий тиббий комиссиясида тиббий кўрикдан ўтказишда жарроҳ шифокор ўрнига бошқа мутахассис шифокор иштирок этгани, бир кунда 100 нафардан ортиқ чақирилувчилар тиббий кўрикдан ўтказилаётгани ҳақида маълумот тарқатилган.
Ушбу ҳолат Андижон ҳарбий прокуратураси томонидан ўрганилганда, 2020 йил январь ойида сафарбарлик чақирув резервига чақирилаётган чақирилувчиларни ҳарбий тиббий комиссияда тиббий кўрикдан ўтказишда Андижон вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳарбий тиббий комиссияси жарроҳ шифокори йўқлиги сабабли, унинг ўрнига бошқа жарроҳ шифокор иштироки таъминланмасдан, ушбу вазифани тери-таносил касалликлари шифокори бажариб чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказгани, ҳарбий тиббий комиссияда бир кунда кўпи билан 100 нафаргача чақирилувчилар тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим бўлсада, мазкур талаблар бузилиб, 2020 йилнинг 23 январь куни 185 нафар, 2020 йил 30 январь куни 145 нафар, яъни белгиланган меъёрдан ортиқча чақирилувчилар тиббий кўрикдан ўтказилгани аниқланган.
Андижон ҳарбий прокуратураси томонидан 2020 йил 6 февраль куни бир ойлик ҳарбий йиғинга жалб қилинган сафарбарлик чақируви резерви хизматчилари жарроҳ шифокорлар кўригидан назорат тартибида текширилганда, улар орасида ҳарбий хизматга яроқсизлар аниқланмаган.
Қайд қилинган қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи номига тақдимнома киритилиб, мазкур тақдимнома ҳарбий прокуратура, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва мудофаа ишлари бошқармаси мутасадди шахслари иштирокида муҳокама қилиниб, келгусида бу каби қонунбузилишларга йўл қўймаслик борасида тегишли чоралар белгиланди.