Қонунчиликда ёшларга берилган айрим имтиёзлар
1. Меҳнат кодексига мувофиқ, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини, шунингдек олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида тамомлаган ёшларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар берилади.
Хусусан, белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи ва бошқа органлар томонидан юборилган, 18 ёшга тўлмаган шахсларни, ўрта махсус таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида тамомлаган ёшларни иш берувчи ишга қабул қилиши шарт.
Шунингдек, 18 ёшга тўлмаган шахсларга меҳнат қонунчилигида қуйидаги имтиёзлар белгиланган:
- дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилинадилар ва 18 ёшга тўлгунларига қадар ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилади;
- камида 30 кундан иборат йиллик таътил берилади ва улар бу таътилдан ёз вақтида ёки йилнинг ўзлари учун қулай бўлган бошқа вақтида фойдаланишлари мумкин;
- тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади;
- улар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя қилишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.
Иш вақтининг муддати 16 дан 18 ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига 36 соатдан, 15 дан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.
Бунда уларнинг меҳнатига ҳақ кундалик иш вақти тўлиқ бўлган чоғда тегишли тоифадаги ходимларга бериладиган миқдорда тўланади.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ҳамда олий ўқув юртларини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилар ишга қабул қилинганда, дастлабки синов муддати белгиланмайди.
2. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсиянома асосида олий таълим муассасаларига қабул қилинган талабалар ҳамда ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган талабалар йиллик тўлов-контракт миқдорининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб берилади.
3. Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабаларнинг контрактини тўлаш учун банклар томонидан таълим кредитлари берилади.
Бунда, чин етимларга, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига — ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит);
талабаларнинг қолган тоифаларига —фоиз харажатларининг бир қисмини “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмидан фойдаланиш имконияти билан бозор ставкалари белгиланади.
4. Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари қуйидаги шартларда берилади:
– шаҳарларда кўп квартирали арзон уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун — 3 йиллик имтиёзли давр ва дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдорида, кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 20 йил муддатга берилади, бунда дастлабки бадал квартира қийматининг 25 фоизини ташкил этади.
– қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун — 3 йиллик имтиёзли давр ва дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдорида ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 15 йил муддатга берилади, бунда дастлабки бадал қуйидагича миқдорни ташкил этади:
- 2, 3 қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар ва 2, 3 хонали бир қаватли уйлар учун — 10 фоиз;
- 2 қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар учун — 25 фоиз.