Жанггоҳлардан омон қайтганлар...
9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқининг жанг майдонларидаги, уруш ортидаги фидокорона ва мислсиз меҳнатини, тарихий хизматларини мамлакатимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигига етказиш ва абадийлаштириш, ёш авлодни ота-боболаримиз жасоратига муносиб бўлган, бугунги тинч, осойишта ҳаётни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлашга қодир, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз ҳақида янги бадиий ва ҳужжатли асарлар ишланмоқда.
Бу жараёнида яна бир хайрли ишга қўл урилиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг ташаббуси билан Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва ҳозирда ҳаёт бўлган 28 нафар навоийлик жангчи фахрийлар ҳақида “Жанггоҳлардан омон қайтганлар” номли китоб яратилди.
Унда урушда қатнашган ва айни дамда Навоий вилоятида яшаётган ветеранларнинг ҳаёт йўллари, қаҳрамонликлари ва жасоратлари асар муаллифи Худойберди Наврўз томонидан ишончли манбалар, архив ҳужжатлари ҳамда турли йилларда матбуот нашрларида ёритилган маълумотлар асосида қизиқарли ва моҳирона тасвирланган.
Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида чоп этилган мазкур китоб тақдимоти кеча вилоят Ёшлар маркази биносида бўлиб ўтди. Тадбирдан сўнг вилоят ҳокими Қобилжон Турсунов бошчилигида Навоий ҳарбий прокуратураси ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари Навбаҳор туманида истиқомат қилиб келаётган Ҳайдар бобо Ҳасанов хонадонига ташриф буюришиб, бобони байрам билан қутлашди ва Президентимиз совғаси, ҳокимлик ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар туҳфалари ва мазкур китоб топширилди.
Асар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва ҳозирда ҳаёт гаштини сураётган навоийлик жангчи фахрийларимиз учун ўзига хос ва қадрли совға бўлди, десак хато бўлмайди.
Китоб ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарвар ва садоқатли инсонлар бўлиб улғайишига катта ҳисса қўшади.
Китобни ўзининг қаҳрамонларига ва китобхонларга етказиш тадбирлари давом этмоқда.