Компьютердан ҳимоя кўзойнаклари: улардан фойда борми?
Иш, таълим, ҳордиқ, мулоқот – бугун буларнинг барчаси компьютер билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Компьютер кундалик ҳаётга қанчалик чуқур кириб бормасин, унинг умумий саломатликка, хусусан, кўриш органларига салбий таъсири ҳақида ҳам унутмаслик керак.
Компьютер кўриш синдроми
Компьютердан узоқ ва давомли фойдаланиш натижасида «компьютер кўриш синдроми» юзага келади. Фаолияти компьютер билан боғлиқ бўлган ҳар кимда кузатиладиган бу синдром кўзларда чарчоқ, қизариш, қум қадалгандек ҳиссиёт, қуруқлик ва санчиқ, кўриш қобилиятининг хиралашуви, қичиш, бош ва бўйинда оғриқ, иш куни якунидаги чарчоқ каби белгилар билан намоён бўлади.
Компьютердан фойдаланишда базавий қоидаларга риоя қилмаслик эса бу синдромнинг пайдо бўлиш эҳтимолини оширади.
Компьютердан фойдаланишда диққат қаратиш керак бўлган қоидалар:
- монитордан 50-60 см узоқликда бўлиш;
- ҳар 45 дақиқада кўзга дам бериш ва кўз гимнастикасини бажариш;
- мониторнинг ёруғлик, контраст созламаларини тўғри ва қулай тарзда белгилаш;
- бир хил ҳолатда узоқ вақт ўтирмаслик;
- мониторнинг кўз билан бир кесимда жойлашуви (кўздан баландда ёки пастда бўлмаслиги керак);
- дисплей ва иш жойида чанг тўпланиб қолмаслигини назорат қилиш;
- кўзни юмиб-очмай узоқ тикилишни камайтириш;
- иш хонасининг ўта қоронғи бўлмаслигини таъминлаш даркор.
Компьютер кўзга қандай таъсир қилади?
Компьютердан фойдаланишда кўриш фокус масофаси жуда кам ўзгартирилади ва кўз кам очиб-юмилади. Натижада кўриш органлари мушаклари зўриқади ва кўз соққаси етарлича намланмайди, бу эса кўзда ёқимсиз қуруқлик ва чарчоққа сабаб бўлади.
Шунингдек, барча электрон ускуналар сингари компьютердан ҳам электромагнит тўлқинлар тарқалади. Компьютер қанчалик замонавий бўлмасин, кўк ва бинафшаранг спектр нурларининг кўплиги боис кўзда зўриқиш ҳосил қилади.
Компьютердан кўзга етадиган зарарни минималлаштириш мақсадида махсус компьютер кўзойнакларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.
Ҳимоя кўзойнаги чиндан фойдалими?
Компьютерлар учун мўлжалланган ҳимоя кўзойнаги чиндан фойдалими ёки кераксиз атрибут – жуда баҳсли масала.
Ишлаб чиқарувчилар ва баъзи фойдаланувчилар кўзойнакларнинг таъсирини ижобий баҳолашса, уни кераксиз даҳмаза деб ҳисобловчи, ҳатто бош оғриғи, кўздаги ноқулайликка сабаб бўлишини таъкидловчилар ҳам бор.
Моҳиятан, компьютер ҳимоя кўзойнаклари электромагнит тўлқинларини нейтраллаштиради, дисплей юзасидаги ёруғликнинг жимирлашини йўқотади, кўзга ортиқча юклама бўладиган бинафшаранг ва кўк нурларни кесади.
Буларнинг барчаси кўзойнак линзасидаги махсус ҳимоя қобиғи ҳисобига амалга ошади.
Фаолияти компьютер билан боғлиқ бўлган ҳар қандай шахс бу кўзойнаклардан фойдаланиши мумкин. Айниқса, офис шароитида ишловчилар ва талабалар орасида улардан фойдаланиш оммалашган.
Умуман олганда, ҳимоя кўзойнакларининг ҳар бир шахс учун фойдаси индивидуал. Натижа – шахс кўриш тизимининг ўзига хослиги, компьютердан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш, ташқи омиллар (хонанинг ёруғлиги, компьютернинг жойлашуви) кабиларга боғлиқ.
Бу оптик восита компьютернинг салбий таъсиридан юз фоиз ҳимоя қилиши кафолатланмаган бўлса-да, зарарни қисман нейтраллаштиради: кўздаги чарчоқ ва зўриқишни камайтиради, компьютерда узоқ ишлаш натижасидаги бош оғриғи ва ҳолсизликни минималлаштиради, ёруғликка таъсирчанлик, кўздаги ачишишни йўқотади.
Ҳолатга мажмуавий ёндашганда – ҳимоя кўзойнакларини тақиш баробарида компьютердан фойдаланишда юқорида қайд этилган қоидаларга риоя қилгандагина ижобий самарага эришиш мумкин.
Кўзойнакни қандай танлаш керак?
Кўзойнак диоптрияли ёки диоптриясиз бўлиши мумкин. Кўриш органида узоқни ёки яқинни кўра олмаслик сингари аномалиялар бўлганлар учун диоптрияли кўзойнак тавсия этилади. Шунинг учун ҳимоя кўзойнакларини танлаш ва харид қилишдан аввал кўз шифокори – офтальмолог билан маслаҳатлашиш, кўз ҳолати ҳақида маълумотга эга бўлиш лозим.
Кўзойнакни нотўғри танлаш нафақат ундан фойдаланишда ноқулайлик, балки кўриш қобилиятининг ёмонлашувига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Бундай кўзойнакни харид қилишда:
- тутқич (оправа)нинг қулайлиги ва сифати;
- линзанинг тури ва сифати;
- диоптриянинг бор-йўқлиги (кўздаги аномалиялардан келиб чиққан ҳолда индивидуал асосда танланади);
- ҳимоя қобиғининг борлиги;
- тонировка (қорайтирилган линза) даражасига ҳам эътибор қаратиш керак.
Қуйидаги тавсияларни ҳам эътибордан қочирмаслик зарур:
- Компьютердан фойдаланиш жараёнида қуёш нурлари таъсири юқори бўлганда ёруғлик жимирлашига қарши полароид кўзойнаклардан фойдаланиш керак.
- Монитор ёруғлиги юқори бўлганда, ёруғлик даражаси тез-тез ўзгариб турадиган шароитда оч рангдаги линзаларга эга кўзойнак тавсия этилади.
- Тонировкали (қорайтирилган) кўзойнаклар кўк спектрдаги қисқа тўлқинли нурларни тўсиб қолади.
- Компьютерда асосан матн билан ишловчилар контрастни кучайтирувчи, ёруғликни юмшатувчи моделларни танлаши мақсадга мувофиқ.
- Графика билан ишловчиларга эса ранглар узатмасини яхшиловчи кўзойнаклар тўғри келади.
Манба: https://kun.uz/13622125