August 23, 2019

Республика Ҳарбий прокуратураси тизимида хизмат қилаётган ёш мутахассисларнинг ўқув амалий анжумани бўлиб ўтмоқда

Фориш тоғ полигонида Республика Ҳарбий прокуратураси томонидан тизимда хизмат қилаётган ёш мутахассислар иштирокида “Ватанимга хизмат қиламан” мавзусидаги ўқув амалий анжуман бошланди.

Қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилишини таъминлаш ҳамда зиммамиздаги вазифаларни бажаришдаги фаолиятдан кутилган натижага эришишда муҳим омил бўлган малакали, касб маҳорати ва профессионал билимлари юқори кадрларни шакллантириб бориш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирда ҳарбий прокуратура фаолияти ва назорат соҳаларидаги қонунийлик аҳволи таҳлиллари асосида тайёрланган долзарб мавзулар бўйича маърузалар, машғулотлар, назарий ва амалий синовлар ва бошқа тадбирлар ўрин олган.

Семинар давомида иштирокчиларга “Ватан” кинофильми ҳамда Жиззах гарнизони ҳарбий оркестри ижросида концерт дастури намойиш қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари олдинда ёш мутахассисларни саф тайёргарлиги, марш юриш ва жанговар ўқ отар қуроллардан нишонларга отиш ҳамда амалдаги қонунчилик бўйича тест синовлари кутиб турибди.

Ушбу тадбир ёш мутахассисларда соҳа фаолиятини ва қонунийлик аҳволини тизимли таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш, фаолиятини тўғри йўналтириш ҳамда ҳуқуқни қўллаш борасидаги амалий билимларини мустаҳкамлаш, прокурор назоратини ташкил этишда юзага келаётган камчиликларнинг келгусида олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.