Гулистон ва Чирчиқ ҳарбий прокуратуралари томонидан сайёр қабуллар ташкил этилди...
Гулистон ҳарбий прокуратураси томонидан Сардоба туманида жойлашган 18-сонли умумий ўрта таълим мактабида Сардоба туман ҳокимлиги, Сирдарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда Сардоба туманида яшовчи фуқароларнинг ҳарбий масалалари бўйича очиқ мулоқот ва сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабулда 106 нафар чақирилувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари, ҳарбий пенсионерлар иштирок этиб, чақирилувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, муддатли ҳарбий хизматга юбориш, олий таълим муассасалари ва олий ҳарбий билим юртларига ўқишга кириш тартиби юзасидан тушунчалар берилиб, уларни қизиқтирган ҳарбий масалалар юзасидан қабул қилиниб, уларни муаммолари жойида ҳал этилди.
Шунингдек, Чирчиқ ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда Чирчиқ гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучлар хизматчиларини ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни муаммоли масалаларини ижобий ҳал этиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабулда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ўзларини қизиқтирган ҳарбий масалалари юзасидан қабул қилиниб, уларга мурожаатлари юзасидан батафсил тушунчалар берилиб, айрим муаммолари эса жойида ҳал этилишига эришилди.