June 11, 2020

ЁШЛАР БИЛАН ОНЛАЙН МУЛОҚОТ

Коронавирус пандемияси бутун жаҳонда режалаштирилган ишлар ва тадбирларга кескин ўзгартиришлар киритишга сабаб бўлди. Саломатлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида қатъий эҳтиёт чоралари ва карантин тартиби жорий қилинди.

Шундай шароитда “Ёшлар ойлиги”даги тадбирлар аввалгиларидан ўзига хос тарзда, санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиб, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда ўтказилмоқда.

Жумладан, “Ёшлар ойлиги” муносабати билан ҳамда 2020 йил 26 май кунги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган “Прокурор ва ёшлар” учрашуви ҳам онлайн мулоқот тарзида ўтказилди.

Унда Тошкент шаҳар ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорларининг катта ёрдамчилари Бобур Абдуллаев ҳамда Ботир Собировлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Асқар Хасанов, Тошкент ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси Осим Умаров ва пойтахтимиз туманларидан 100 га яқин ёшлар онлайн иштирок этишди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, адабиёт, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалалари муҳим вазифалардан саналади.

Ҳозирги ўта мураккаб кечаётган ва ахборот хуружлари авж олган таҳликали замонда ёшларимизнинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш эса ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани айни ҳақиқат.

Бу борада прокуратура органларининг ёшлар билан ўтказиб келаётган тадбирларида айнан юқоридаги жиҳатларга, шунингдек ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ватанга садоқат, конституция ва қонунларга ҳурмат, ҳаётга қатъий ишонч руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда улар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Онлайн учрашувда маърузачилар томонидан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳақида сўз юритилиб, ёшларнинг ҳуқуқий, таълим, ҳарбий ва ижтимоий соҳалардаги саволларига атрофлича жавоблар берилди, уларнинг таклифлари эшитилди ва ўзаро фикр алмашилди. Ёшларни қизиқтирган ва улар фаолият юритаётган йўналишлардаги долзарб масалаларнинг ечимлари кўрсатиб берилди.