Бузилган ҳуқуқлар тикланди...

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қўламли ислоҳотлар инсон манфаатлари, унинг эзгу орзулари рўёбида, ҳуқуқ ва эркинликлари, тинч-осойишта, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилмоқда. Халқимиз ўз олдига қўйган буюк ва эзгу мақсадлар сари дадил қадам ташлаб, юксак азму шижоат, олийжаноб фазилатлари билан баланд довонларни забт этаяпти. Бу, албатта, катта меҳнат ва матонатнинг самарасидир. Зеро, мамлакатимиз жадал суръатлар билан тараққий этаётгани, фуқароларимиз турмуш даражаси юксалиб бораётгани ана шундан далолат беради.

Фуқароларимизни, айниқса улуғ ёшдаги пенсионерларни ҳар томонлама ижтимоий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси томонидан мунтазам равишда пенсионерларнинг, шу жумладан ҳарбий пенсионерларнинг ижтимоий таъминоти аҳволи ўрганилиб келинмоқда.

Хусусан, Навоий ҳарбий прокуратураси томонидан қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида Навоий вилояти Мудофаа ишлари бошқармасида ўтказилган мониторинг натижасида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 866-сонли қарорига асосан 2019 йил 01 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун айрим тоифадаги нафақахўр ва пенсионерларга (50 минг сўм) компенсация пули тўланмаётгани аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан ушбу ҳолат барча вилоят мудофаа ишлари бошқармаларида ўрганиб чиқилганда, Мудофаа вазирлигининг жами 2099 нафар нафақахўр ва пенсионерларига юқоридаги қарор талабларига асосан 2019 йил 01 октябрдан бошлаб 430 млн. сўмлик компенсация пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланиб, Мудофаа вазирлигига юборилган ахборот хати ҳамда кўрилган чоралар натижасида 2099 нафар нафақахўр ва пенсионерларга 430.млн. сўмлик компенсация пуллари тўлаб берилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.