МУРОЖААТЛАР ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА...
Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
2019 йил 12 ойида Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан 131 та мурожаат хал этилиб, 84 тасига тушунтириш берилган, 47 таси қаноатлантирилган, 47 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 675 млн. 123 минг сўм зарар фуқаролар ва юридик шахслар ҳисобига ундирилган. Ҳарбий прокуратура томонидан келиб тушган мурожаатларни тўла ва холисона кўриб чиқилишига эътибор қаратилган.
Жумладан, Термиз тумани Солиобод маҳалласида яшовчи «Аброр тезкор қурувчи» хусусий корхонаси рахбари фуқаро А.Тнинг 2018 йилда корхонасининг 8 нафар ишчилари билан Н-сонли ҳарбий қисм ошхонасининг том қисмини тўлиқ таъмирлаб бериб, бажарилган таъмирлаш ишлари учун 79.629.327 сўм пул маблағи берилмаётганидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентига йўллаган мурожаати Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, 79.630.000 сўмлик бажарилган иш ҳақи Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ҳисобидан тадбиркорлик субъекти «Аброр тезкор қурувчи» ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши таъминланган.
Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан мурожаатларни кўриб чиқилиши натижасига кўра 1 нафар шахс ишга тикланиши таъминланган.
Яъни, Жарқўрғон тумани “Пахтазавод” маҳалласида яшовчи фуқаро А.У Жарқурғон тумани мудофаа ишлари бўлимидан асоссиз ишдан бўшатилганидан норози бўлиб, ёзган мурожаати Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, Жарқўрғон тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғининг А.У билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги 2019 йил 24 июль кунги буйруғи Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3-банди талабларига зид равишда чиқарилганлиги сабабли, ушбу буйруқни бекор қилиш ҳамда А.Умаровани ишга тиклаш тўғрисида протест келтирилиб, натижасига кўра ушбу буйруқ бекор қилиниб, А.У қайта ишга тикланган ва мазкур ҳолатда айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, Узун тумани, Тожикобод МФЙда яшовчи фуқаро М.Гнинг 2017 йилда ўғли Ж.Н.ни сафарбарлик чақируви резерви хизматига бориши учун 4.300.000 сўм бадал пули тўлагани, 2019 йил 02 февраль куни ўғли Ж.Н бахтсиз ҳодиса туфайли вафот етганлиги, лекин Узун туман МИБ ўтказилган пулларни қайтариб бермаётганидан норози бўлиб, 2019 йил 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Ишонч телефони”га йўллаган мурожаати Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, 2019 йил 25 июль куни марҳум Ж.Н.нинг СЧР хизматини ўташи учун тўланган 4.118.813 сўм бадал пули отаси М.Г.га қайтарилиб, мурожаат қаноатлантирилган.
Заҳирадаги ҳарбий хизматчи Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги пенсионери 2-гуруҳ ногирони С.Шнинг хизмат уй-жойи билан таъминланмагани, уй-жой билан таъминлашда ёрдам бериш тўғрисидаги 2019 йил ноябрь ойидаги мурожаати Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, ҳарбий прокуратура аралашувидан кейин Термиз гарнизони уй-жой комиссияси томонидан унга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги уй-жой фондидаги Термиз шаҳридан хонадон ажратилиб, уй-жой билан таъминланди.
Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан келгусида ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўналишида самарали фаолият юритиб борилиши таъминланади.