Самарқанд ҳарбий прокуратураси томонидан ҳарбий хизматчининг фарзанди даволанишида амалий ёрдам кўрсатилди...
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.М.Мирзиёев, Хавфсизлик кенгаши йиғилишидаги маърузалари ҳамда ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табрикларида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини янада яхшилаш, хизмат ва турмушлари учун барча шарт-шароитларни яратиш лозимлигини таъкидлаб келмоқда.
Ўз навбатида, Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосларидан бири - бу ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини янада яхшилашдир.
Жумладан, Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси Ф.С.Турсунбоев вояга етмаган фарзанди Ф.Ф.Самадовани бепул даволатиш учун ордер олишда амалий ёрдам беришни сўраб Самарқанд ҳарбий прокуратурасига мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, Ф.С.Турсунбоевнинг фарзанди Ф.Ф.Самадова 2015 йилда “юрак нуқсони” билан туғилган бўлиб, операция ўтказиш лозимлиги, операция жараёни учун юракнинг нуқсон қисмига Германия давлатида ишлаб чиқарилган махсус тиббий аппарат ҳамда 21 дона операция анжомлари зарурлиги, операция анжомларини олиш ва операция қилиш учун анча миқдордаги пул маблағи керак бўлганлиги, ушбу муаммо 4 (тўрт) йилдан ортиқ муддат давомида ўзининг ижобий ечимини топмаган.
Самарқанд ҳарбий прокуратураси томонидан Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда “Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия жамғармаси биргаликда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ҳарбий хизматчи Ф.С.Турсунбоевнинг вояга етмаган фарзанди Ф.Ф.Самадовага ёрдам кўрсатилиб, у берилган ордер асосида давлат маблағлари ҳисобига академик В.Вохидов номидаги Республика жаррохлик марказида 2020 йил 17 январ куни операция қилиниб, операция мувофақиятли ўтган.
Самарқанд ҳарбий прокуратураси томонидан ушбу йўналишдаги ишлар давом эттириб борилмоқда.