Чирчиқ полигонида Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари ҳамкорлигидаги тактик машғулотлар давом этмоқда
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент ҳарбий округи Чирчиқ дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Россия Федерацияси Қуролли Кучлари ҳаво-десант бўлинмалари ҳарбий хизматчилари ҳамкорликда машғулотларни олиб боришди.
Бундан кўзланган асосий мақсад, икки мамлакат орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни ошириш, жанговар машғулотларни бажаришдаги кўникма ва тажрибаларни алмашишдан иборат.
Икки мамлакат ҳарбий хизматчилари ҳамкорликдаги машғулотлар давомида замонавий жанг позицияларини ташкиллаштириш, жанговар ҳаракатларнинг янги босқичларини амалиётга жорий этиш каби машғулотларни олиб боришди.
Шунингдек, тажриба алмашув мобайнида иштирокчилар жанговар учлик ва жанговар иккилик таркибида гаровга олинган бинони қуршовга олиб, шартли душманни яксон қилиш усулларини бажардилар. Бунда ҳарбий хизматчилар ҳаракат давомида объектларни йўқ қилиш, ўқ отар қуроллардан тезкор ва самарали фойдаланиш, манёврчанликни машқ қилдилар.
Шахсий таркибнинг мажмуавий тактик отиш машғулотлари эса, қатнашчиларнинг тобланганлик ва мутахассис сифатида шаклланган даражасини росмана синаш имкониятини берди. Бунда взвод тактик гуруҳи душман диверсион разведка гуруҳи таъсирида жанговар маррага чиқиш ва душманни йўқ қилиш. Жанговар қобилиятни тиклаш ҳудудига чиқиш каби шартларни муваффақиятли бажардилар. Машғулотлар давомида шахсий таркибнинг вазифаларни бажариш чоғидаги тезкор ва аниқ ҳаракатлари инобатга олинди.
Бўлинмаларни бошқариш давомида командирларнинг амалий ва назарий кўникмалари ошириб борилди. Шартли душманни яксон қилиш пайтида бўлинмалар ва артиллерия оловларини бошқаришда ҳаво-десант бўлинмалари, муҳандис, сапёр, разведка ва артиллерия бўлинмалари билан узлуксиз ҳамкорликни ташкиллаштириш ва таъминлаш кўникмалари ҳам текширилди. Шахсий таркибнинг юқори даражадаги ахлоқий-руҳий ҳолати доимий назоратда ушлаб турилди.
Ҳамкорликдаги машғулотлар давом этмоқда.