October 23, 2019

Япония императори Нарухито тахтга ўтирди.

Япониянинг янги императори Нарухито 2000 нафар меҳмон қаршисида ўзининг тахтга ўтириши ҳақида эълон қилди. Маросимда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ҳам иштирок этди.

Сешанба куни Токиода Япониянинг янги императори Нарухитонинг расман тахтга ўтириши билан боғлиқ тантанали маросимлар бошланди.

Император Нарухито Касикодокоро ибодатхонасида ўзининг тахтга ўтирганини эълон қилди ва қасамёдини ўқиб эшиттирди. Япония бош вазири Синдзо Абэ эса ўзининг табрик сўзида императорни халқ номидан қутлади. У императорни Япония давлатининг рамзи ва фахри деб атади.

Маросимда 2000 нафар меҳмон иштирок этди, уларнинг 400 нафари — турли давлатлар раҳбарлари ва вакилларидан иборат бўлди. Ўзбекистон делегациясига Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева раҳбарлик қилди.

Нарухито 1 май куни отаси — ҳозирги Фахрий император Акихито 30 йиллик бошқарувдан сўнг ёши ўтиб қолгани сабабли тахтдан воз кечганидан сўнг мамлакатнинг 126- императори бўлди. Бу сўнгги икки юз йил ичида илк бор императорнинг тахтдан воз кечиши бўлди.