June 6, 2020

ҚАТЪИЙ НАЗОРАТ ВА ҲАМЖИҲАТЛИК

Куннинг иккинчи ярмида ҳарбий прокуратура ва Ёшлар иттифоқи вакиллари Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси йиғув пунктида бўлишиб, карантин шароитида амалга оширилаётган чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматга бориш истагидаги номзодларни чақирув ва тиббий комиссия кўригидан ўтказиш жараёни санитария-гигиена қоидаларига риоя этилган ҳолда олиб борилаётгани билан бевосита танишишди.

Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси пайтида бир оиланинг камолга етган фарзандларини армияга жалб қилиш, уларнинг саломатлигини текшириб, муддатли ҳарбий хизматга кузатиш жуда катта ҳушёрликни ва карантин қоидаларига қатъий риоя қилиниши устидан доимий назоратни талаб қилади. Бу ўринда нафақат бир инсоннинг, қолаверса бутун бир шахсий таркибнинг тақдири кафолатланади. Шу боис қатъий назорат остида дезинфекция ишлари олиб борилиб, чақирилувчилар барча меъёрларга амал қилинган ҳолда тиббий текширувдан ўтказилмоқда ва Ватан ҳимоясига шай ҳолга келтирилмоқда.

Бу жараёнда мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимлари барча зарурий анжомлар, кундалик тиббий воситалар билан тўлиқ таъминланган ҳамда Мудофаа вазирлиги санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассисларининг доимий фаолияти йўлга қўйилган.

Бу каби қатъий назорат ва ҳамжиҳатликда олиб борилаётган ишлар армияга чақирилувчиларнинг саломатлигини кафолатлайди.