February 5, 2020

Фуқаро А.Н.Нарзиеванинг уйида содир бўлган ёнғин ҳодисаси юзасидан...

2020 йил 25 январь куни “kun.uz” ижтимоий тармоғида Навоий шаҳри, Гулистон маҳалласида яшовчи фуқаро А.Н.Нарзиеванинг яшаш хонадонида 2020 йил 20 январь куни содир бўлган ёнғин ҳақида видеолавҳа намойиш этилиб, лавҳада фуқаро А.Н.Нарзиева ёнғин ҳавфсизлиги ходимлари 50 дақиқага кечикиб келганлиги ҳамда уларнинг сув захиралари тугаб қолганлиги сабабли уйи тўлиқ ёниб кетганлигини маълум қилган.

Мазкур ҳолат ўрганилганда, фуқаро А.Н.Нарзиева Навоий ҳарбий прокуратурасига 2020 йил 21 январь куни ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида Навоий шаҳри Гулистон маҳалласида жойлашган уйида 2020 йил 20 январь куни соат 06.30 ларда ёнғин содир бўлган вақтда Ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари ёнғинни ўчиришга ўз вақтида етиб келмаганлигидан норозилигини баён қилган.

Навоий ҳарбий прокуратураси томонидан фуқаро А.Н.Нарзиеванинг аризаси юзасидан ўтказилган текшириш давомида, 2020 йил 20 январь куни соат 06:15 ларда фуқаро А.Н.Нарзиеванинг Навоий шаҳри Гулистон маҳалласида жойлашган уйида ёнғин келиб чиқиб, уй эгалари ёнғин ҳақида соат 06:30 ларда хабар топишганлиги, шундан сўнг улар ўзлари дастлаб ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилишгани, лекин ёнғин кучайиб, ҳаракатлари бесамар кетганидан кейин фуқаро А.Н.Нарзиеванинг ўғли Б.Р.Бозоров соат 06:40 да Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “101” ишонч телефонига қўнғироқ қилиб ёнғин қутқарув гуруҳини чақирганлиги, Навоий шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими 2-ёнғин қутқарув қисми 2 та ёнғин ўчириш автомашинасида соат 06:50 да ҳодиса жойига етиб бориб, соат 07:25 да ёнғинни тўлиқ ўчиришганлиги аниқланган.

Фуқаро А.Н.Нарзиеванинг аризасини текшириш давомида, ёнғин ҳавфсизлиги ходимлари 50 дақиқага кечикиб келганлиги ҳамда уларнинг сув захиралари тугаб қолганлиги тўғрисидаги важлар тасдиқланмаган ҳамда Навоий шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин қутқарув қисми ходимларининг ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган.