August 21, 2019

Банклардан нақд хориж валютасини сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ

Банкларда хориж валютасини сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ. 50 доллар оласизми ёки 5000 доллар, фарқи йўқ. Барчаси кассада қанча пул борлигига боғлиқ. Айирбошлаш пунктлари ходимларининг айтишича, валюталар етарли ва сунъий дефицит йўқ. Спот мухбири ушбу вазиятга ойдинлик киритиш учун турли банкларнинг қатор филиалларига ташриф буюрди. Ваҳимали ажиотажлар йўқ. Фақат метро бекатлари яқинидаги айрим шохобчаларда унча катта бўлмаган навбатлар юзага келган.

Валюта сотиб олиш учун шахсни аниқлаш амалиётидан ўтиш зарур. Яъни паспорт кўрсатиш ва квитанцияга имзо чекиш лозим. Айрим филиаллар яқинида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари қўриқлашни кучайтирган. Улар буни тартибни сақлаш билан изоҳлашган.

Эътиборлиси, “Капиталбанк” ва “Ҳамкорбанк” каби банклар курсни 10-15 сўм арзонлаштириб, 9440 сўмдан сотмоқда. Нақд пул сотиш очилиши билан курснинг кўтарилиши кузатилмаяпти, деб ёзади манба.

Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида МБ раиси Мамаризо Нурмуротов аҳолида қарийб 25 трлн. сўм пул массаси борлигини маълум қилганди. У аҳоли қўлида мавжуд пулнинг 99 фоизи кундалик харажатлари учун сарфланишини қайд этди. Шунинг учун хориж валютасини ялпи сотиб олиш ҳолати рўй бермайди.

 

http://www.youtube.com/c/Globalproartcom

https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA