Шайх Нуритдин Басир мақбарасининг қисмати
Буюк бобомиз Амир Темур ихлос қўйган Шайх Нуритдин Басир ким эди?
Биз билган ва билмаган тарих рукнида “Hurriyat” газетасининг 21 август сонида эълон қилинган мақолада ўтмишимизнинг улуғ зотларидан бири ва Чор ҳукумати томонидан бузиб ташланган мақбара ҳақида сўз юритилади.
Биз билган ва билмаган тарих
ХIХ асрнинг 80-йилларида Самарқанд шаҳрининг Арк қалъаси ва унинг ичида Амир Темур, Руҳобод мақбаралари билан бир қаторда, бир чизиқда бунёд этилган маҳобатли ва бетакрор Нуритдин Басир мақбараси ҳам мавжуд бўлган. Шавкатли ҳукмдор Амир Темур нима учун шайх Нуритдин Басир хотирасига бунчалик ҳурмат кўрсатган, мақбара қачон ва нима учун вайрон этилган эди, деган саволларга жавоб топиш ўқувчилар учун ҳам қизиқарли, албатта.
Аниқ манбаларда айтилишича, мақбара Самарқанд шаҳрининг Арк қалъаси ичида, Регистон тарафга қараган дарвозаси ёнида, деворга яқин жойда бунёд этилган бўлиб, чиндан ҳам, беқиёс гўзаллиги ва маҳобати билан кўзни қамаштирар даражада ҳайратли иншоот бўлган. Халқ уни Қутби Чордаҳум мақбараси, деб атаган.
Бу инсоннинг ҳаёти ҳақида нималарни биламиз?
А.Муҳаммадкаримов, А.Обидов ва 3.Искандаровлар ўзларининг “Тошкентнинг табаррук зиёратгоҳлари” китобларида Қутби Чаҳордаҳум — Шайх Нуритдин Басирни (1159-1242 й.й.) Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Кўкча даҳасида туғилганини қайд этганлар. Ҳазрат Абу Ҳафс ан Насафийнинг “Қандия” деган асарида ҳам шайх Нуритдин Басир ҳақида қуйидаги маълумотлар берилган:
“Нақл қилибдиларки, ҳазрат Нуритдин Басир вояга етганларида, Шайх Зайниддин ул кишини — Худо назар қилган ёш ва покдил бандани кўриб, фарзандликка қабул қилиб, тарбиялари билан машғул бўлдилар”.
Яна шу китобда қайд этилганки, пирлари Шайх Зайниддин Куйи Орифон: “Ким илм борасидаги саволимга жавоб беради?” деб сўраганларида, иккиланган муридлар миқ этмай қолганларида, айнан шу зот ўринларидан туриб: “Агар ижозат бўлса, фақир жавоб берурман”, деган ва устознинг ҳар бир саволига шунақа донолик билан жавоб қайтарганларки, бундан мажлис аҳли ҳайратда қолиб, хушнуд бўлганлар. Ва агар шайхнинг болалик йиллари ҳақидаги маълумотларга қарайдиган бўлсак, оилада яхши тарбия топганию ёшликдан илмга чанқоқ бўлгани ҳамда онадан кўзи ожиз туғилгани учун “Басир” лақабини олгани ҳақидаги маълумотдан воқиф бўламиз. Кейинчалик тошкентлик машҳур шайх Зайниддин таълимоти асосида тарбия топиб, шайх мақомига етгач, Самарқанд шаҳрига кўчиб келиб, Наводан булоғи ёқасида жойлашган Кўк масжид ёнида яшай бошлагани ҳақида айтилади.
Яна ривоят қиладиларки, шайх Нуритдин Басирнинг Самарқанд шаҳрига келиши баёни қуйидагичадир:
“Самарқанд шаҳрида бузғунчилар кўпайиб, яхшиларнинг ташвишлари ортган кунлар экан. Ибодатли одамлар: “Бу кунларнинг ниҳояси бормикин?!” дея мўъжиза рўй беришини интизорлик билан кутишаётган экан. Шундай кунларнинг бирида Шарқ дунёсида довруғи баланд Шайх Зайниддин Куйи Орифон бобонинг етук халифаси шайх Нуритдин Басир ҳазратларининг Самарқандга келаётганини эшитган аҳоли хурсанд ҳолда унинг истиқболига чиқишибди. Ҳозир бўлганларнинг бари шайхни меҳмон қилиш учун ўз уйларига таклиф эта бошлабдилар, лекин у киши: “Аввал яшаш учун ўзимга бирор макон топай, кейин барчангизникига ташриф буюрарман”, дебдилар. Анча юриб, бир тепаликка чиқсалар, Чўпон ота қаршиларидан чиқибди. Чўпон отадан юмушларини сўраган экан, Самарқанд аҳлининг чорвасини ёвлардан ҳимоя қилиб боқиб юрганини айтибдилар ва сўнгра ўзлари ҳам Шайх Нуритдин Басирнинг бу ерларда не юмушлар билан юрганлари ҳақида қизиқибдилар. Шайх: “Мен Самарқанд аҳлини балою қазолардан огоҳ этмоқ учун келдим”, дея жавоб қилибдилар. Чўпон бу гапдан бироз ўй тортиб: “Мен учун энди бу ерларда иш қолмабди”, дея туғилган шаҳарлари азим Тошкентга қайтган эканлар. (Ўролов ва С.Каримов.“Соҳибқирон қурдирган мақбара”, Т.,“Тафаккур” журнали, 1996 й, 3-сон, 28-бет).
Ўз пайтида ўн тўртинчи қутб сифатида улуғланган шайх Нуритдин Басир 1242 йилда вафот этгач, васиятига кўра, Наводан булоғи ёнида дафн этилган. (А.Муҳаммадкаримов, А.Обидов ва 3.Искандаров.“Тошкентнинг табаррук зиёратгоҳлари”, Т., “Наврўз” нашриёти, 2016 й., 31- 32-бетлар).
Хўш, Амир Темурдек буюк ҳукмдорнинг шайх Нуритдин Басир шахсига қизиқишига сабаб нимада бўлган?
Тарихий маълумотлардан яхши биламизки, Амир Темур мамлакат ободончилиги, халқ манфаати, ислом оламининг софлиги учун саъй-ҳаракат қилган ҳар бир кишини ҳурмат қилган, эъзозлаган, бошига кўтарган, жумладан, нафақат замондош пирларига, балки дунёдан ўтган улуғлар хотирасига ҳам жуда катта ҳурмат кўрсатган. Масалан, у зот Абдулхолиқ ўиждувоний, Аҳмад Яссавий, Занги ота, Қаффол Шоший, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Бухорий сингари улуғларнинг муборак номларини эъзозлаб тилга олган ва ёшлигиданоқ уларнинг бой меросидан баҳраманд бўлган. Аҳмад Яссавий, Занги ота, Қаффол Шоший ва бошқа ўнлаб улуғларимиз қабрлари устига мақбаралар тиклатган. Худди шунингдек, шайх Нуритдин Басир мозорини зиёрат қилиб, руҳидан мадад тилаган ва ўзларига увайсий пир тутганлари ҳам тарихий ҳақиқатдир. Агар бу гап чин ҳақиқат бўлмаганда, ўзининг маҳобатли Арки ичида шайх Нуритдин Басирга атаб — Қутби Чордаҳум, Бурҳониддин Соғаржий учун Руҳобод ва шавкатли шаҳзода, салоҳиятли валиаҳд, суюкли невараси Муҳаммад Султон мақбараларини бир чизиқ бўйлаб жойлаштирмаган бўларди. Ким билсин, ўзи учун гарчи ота шаҳри Шаҳрисабзда сўнгги манзил бунёд этган бўлса-да, Яратган эгамиз у зотнинг кўнглига Самарқандда мангу қолишни аён этган бўлиши ҳам мумкиндир? Тўғри, буни аниқ фикр, дейишдан йироқмиз, аммо жуда катта англаш, башорат этиш хислатларига эга бўлган Амир Темурнинг бу нарсани ҳис этган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Сўнгги нафаси олдидан мени Самарқандда дафн этинглар, деб айтган бўлса-чи?! Тарих саҳифаларида бу ҳақда ишора ҳам йўқ, дейишингиз мумкин, лекин ўша онларда бу тўғрида бош қотиришга вақт ҳам, имкон ҳам бўлмаганини инкор этолмаймиз. Хуллас, Амир Темурнинг ўз Арки ичида уч мақбаранинг кетма-кет жойлаштирганида ҳам ўзига хос нияти бўлганлиги аниқ.
Шайх Нуритдин Басир мақбараси, тарихчи олима Г.Пуганченкова маълумотларига кўра, 1371-1372 йилларда бунёд этилган. Мовий гумбази тепасига олтин қубба ўрнатилган. Меъморлар, мақбаранинг гумбази ва гардиши тузилишини Шоҳи Зинда мажмуасида бунёд этилган Ширинбека оға мақбарасига ўхшашлигини таъкидлаб ўтганлар. Демак, айтиш мумкинки, мақбаранинг Ширинбека оға мақбарасидан кейинроқ бунёд этилгани ҳам аён.
1868 йилда Чор ҳукумати Самарқанд ша��ридаги Амир Темурнинг тенгсиз чиройга эга бўлган Арк қалъасидан истеҳком сифатида фойдаланишган ва турган гапки, бу жойни ўзгартириб, ўзларига мослаштирганлар. Шу мақсадда тахминан 1881 йилда маҳаллий руҳонийлар билан келишилган ҳолда шайхнинг қабрини Афросиёбга кўчиришган ва афсуски, маҳобатли, ўта салобатли мақбарани портлатиб, ғиштларини Арк қалъасини мустаҳкамлаш ва бошқа қурилиш ишлари учун сарфлашни кўзлаганлар. Лекин “мақбарани уч қувват пуд (заряд) билан портлата олмайдилар. У шунчалик мустаҳкам қурилган эканки, батамом яксон этиш учун ўн пудлик порох (дори) керак бўлади”.
Шуни ҳам айтиш керакки, Шайх Нуритдин Басир мақбараси ёлғиз бўлмай, оналари дафн этилган мақбара ҳам, шунингдек, қўшимча бошқа бинолар ҳам мавжуд эди. Ўша пайтда туширилган Арк қалъаси расмларига эътибор берсангиз, Кўксарой ва мақбаралар, яъни кўча бўйлаб бир-бирига туташ ниҳоятда фусункор бинолар қад ростлаганига гувоҳ бўласиз. Ва Аркнинг ўша ҳолати истилочилар томонидан вайрон этилмаганда, америкалик шоир Эдгар Аллан По завқ билан ёзганидек, бугунги кунда ҳам Самарқанд дунё келинчакларининг энг гўзали сифатида оламга бундан-да улуғроқ довруғ таратиб турарди. Ёш авлод учун бу гаплар, албатта, тарихий сабоқ.
Тарихчи А.Кун ўзининг “Туркистон альбоми” китобида шайх Нуритдин Басир мақбарасининг сурати ва чизмасини ҳам киритганки, мазкур маҳобатли бинони тўла тасаввур этишга асосимиз бор.
Зеро, юртимизда тарихий қадамжоларни обод этиш, тарихда кечган урушлар ва бошқа турли сабаблар туфайли вайрон этилган обидаларни тиклаш йўлида нечоғли катта ишлар рўёбга чиқарилди ва бундай хайрли ишлар давом эттирилмоқда. Президентимиз бошчилигида муқаддас қадамжоларни обод этиш, тиклаш ишлари амалга оширилаётган эканки, бу каби қадамжоларнинг ҳам унутилиб кетилишига йўл қўйилмайди.
Тўлқин ҲАЙИТ