Ўзбекистонда радиация даражаси ўзгармаган – ФВВ
РФнинг Северодвинск полигонида рўй берган портлаш Ўзбекистондаги радиация даражасига таъсир кўрсатмаган.
Мамлакатимизда 8-20 август кунлари нурланиш фонида ўзгариш кузатилмаганини ФВВ ҳам тасдиқлади.
Ўзгидромет хабарига кўра, шу кунларда мамлакат ҳудуди Туркманистон орқали кириб келган Каспий денгизининг жануби ва Эрон осмонидан шаклланган жануби-ғарбий ҳаво массалари таъсири остида бўлди.
Мамлакатда гамма нурланишнинг экспозицион дозаси қувватидаги ойлик ўртача даража соатига 0,16 микрозивертга тенг ва у 0,08 мкзв/соатдан 0,24 мкзв/соатгача тебраниб турибди. Маълумот учун, экспозицион дозанинг мумкин бўлган энг охирги қувват даражаси 0,30 мквз/соатга тенг.
Кўрсатиб ўтилган даврда бу кўрсаткич республикада 0,15 мкзв/соат, Тошкентда эса энг юқори даража 0,16 мкзв/соатни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, 8 август куни Россиянинг Архангельск области Северодвинск ҳарбий полигонида реактив суюқликли двигатель қурилмаси синови пайтида портлаш содир бўлганди. Ушбу ҳодиса оқибатида “Росатом”нинг беш ходими ҳаётдан кўз юмди.
http://www.youtube.com/c/Globalproartcom
https://t.me/joinchat/AAAAADv7jmb79L186FmtuA