Тошкент давлат аграр университети дунёнинг нуфузли 1000 олий таълим муассасаси рўйхатига киритилади
Жорий йил 19 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграцияси, кадрлар тайёрлашда аграр соҳа тармоқлари билан яқин ҳамкорликни кучайтириш, илмий-тадқиқот натижаларини тарғиб ва жорий қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришни кўзда тутади.
Мазкур қарорга биноан Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида қишлоқ хўжалиги таълими ва илм-фанини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида университет ва унинг филиаллари ахборот-маслаҳат марказлари (extension center) орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича “ахборот – маслаҳат маркази – кафедра – қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси” тизими жорий этилади.
Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синов тариқасида университетнинг Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини бакалавриат таълим йўналишида таълимнинг кредит тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Қарорга кўра, университет ва унинг филиалларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб янги 12 та бакалавр ва 12 та магистратура мутахассислик йўналишлари очилади. Университет қошидаги Қибрай академик лицейи ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилаётган касб-ҳунар коллежлари негизида олий мактаблар ташкил этилади.
2020 йил 1 августга қадар олий мактаб битирувчилари учун бакалавриатнинг 3 йиллик махсус таълим дастурлари ишлаб чиқилади. Олий мактабда ўрта махсус касб-ҳунар таълими даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида кадрлар тайёрланади ва кичик бакалаврлар тайёрлаш бўйича таълим дастурлари жорий этилади.
Кичик бакалавр таълим дастури битирувчилари 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб мос бакалавр таълим йўналиши бўйича кириш синовларисиз суҳбат орқали университет ва унинг филиалларига бакалаврлар тайёрлашнинг махсус 3 йиллик дастури бўйича ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур қарорда Тошкент давлат аграр университети уч ой муддатда университетни 2025 йилга қадар дунёнинг нуфузли 1000 та олий таълим муассасаси рўйхати (QS рейтинг тизими)га киритиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши ҳамда тасдиқлаш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этиши белгиланди.
Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингидаги рўйхатларига кириш учун олий ўқув юртида таълим сифати халқаро талабларга жавоб бериши зарур.
Фаррух ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги масъул ходими.