Қўқонда қадимий танга ва кўзалар топилди
Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик доирасида ободонлаштирилаётган Жомеъ мажмуасидан қадимий тангалар топилди.
Тангаларни қазиб олган Муҳаммаджон Тожибоев Жомеъ мажмуасига кириш қисми олдидаги гулзорнинг тупроғини янгилаш вақтида топилганини айтди. Араб тилида ёзувлар битилган мис тангалар Қўқон маданияти ва тарихи музейига келтирилиб, айни пайтда мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақида шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Аввалроқ “Дастурхончи“ мадрасасини таъмирлаш ишлари вақтида ҳам қадимги топилмалар – кўзалар топилган эди. Мадрасани асл кўринишига қайтариш мақсадида том қисмини янгидан қоплаш, фасад қисмларини янгилаш билан бир қаторда ҳужралар ва ҳовли қисмини зах ўтишининг олдини олиш учун 50 сантиметр чуқурликда ковлашга киришган қурувчилар қадимги ҳунармандчилик санъати намуналарини топдилар.
Дастлабки ўрганишлар асосида қилган хулосалари шуки, кўзалар “Дастурхончи” мадрасаси қурилган пайтдан олдинги даврга тааллуқли экани ҳақида дарак бермоқда. Бу ноёб топилмалар, албатта, Қўқонда ҳунармандчилик қадимдан кенг ривож топганига яна бир далил бўла олади.
Топилмалар қайси даврга тегишли экани ва уларни ёшини аниқлаш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда.
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА