Қоракўлда "Уч авлод учрашуви" тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган ғоя асосида 2021 йил 18 сентябрь куни Қоракўл туманида «Уч авлод учрашуви» тадбири бўлиб ўтди.
Жонажон Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай бебаҳо бойликни муттасил мазмунан бойитиб бориш масалалари анжуманда сўзга чиққанлар нутқида, дастурхон атрофидаги гурунгларда, ижро этилган куй-қўшиқ ва рақсларда ҳам алоҳида ажралиб турди.
Шу куни тадбирларда Ўзбекистон республикаси Президентининг давлат маслахатчиси Турсинхан Худайбергенов ҳамда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги фавкуллода ва мухтор элчиси Язгули Мамедов ҳам иштирок этди.
Хорижлик дипломат ҳунармандлар томонидан тайёрланган кўргазма билан танишгач, Бухородаги олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган туркманистонлик талабалар билан суҳбатлашди.
Туркманистонлик ёшлар Ўзбекистонда билим олиш учун яратилган шарт- шароитлар, таълим дастурлари афзалликлари хусусида гапириб беришди. Маълумотларга кўра, бугунги кунда Бухородаги олий таълим даргоҳларида 715 нафар чет эллик талабалар таҳсил олмоқда. Шулардан 556 нафари туркманистонлик ёшларни ташкил этади.
Қоракўл тумани вилоятнинг кўпмиллатли худудларидан бири. Бу ерда кўп йиллардан бери, ўзбеклар, қозоқлар, туркманлар, татарлар ва бошқа миллат вакиллари тинч ва тотув яшашади. Уларнинг бундай аҳиллигини кўриб, мамлакатимизда 30 июль Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилинганида ҳам алоҳида маъно мужассам.
Қоракўл туманида бўлиб ўтган учрашувда турли миллат вакилларидан иборат эл ҳурматига сазовор бўлган кекса авлод вакиллари ёшларга ўзининг ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдириб ўтди.
Учрашувда, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган нуроний отахонлар, фидоий раҳбарлар, туманда истиқомат қилувчи турли миллат вакиллари, нуфузли спорт мусобақалари ғолиблари ва ёшлар иштирок этди.
Тадбир давомида Бухородаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Туркманистон Республикси фуқароларига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари ва гувоҳномалари топширилди.
Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган бундай маънавий-маърифий тадбирлар эл-юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланди. Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида ўтказилган учрашув Қоракўл туманида шукуҳли муҳитда бўлиб ўтди.
Учрашув дилкаш суҳбатлар, дилрабо куй-қўшиқлар билан давом этди.
Ватан, бахт-саодат, тинчлик тараннум этилган куй-қўшиқлар янгради.
Учрашув вилоят телерадиокомпанияси ходимлари томонидан тасвирга олиниб, вилоят телевиденияси орқали намойиш этилиши кутилмоқда.
Шунингдек, бошқа оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам тўғридан-тўғри ҳамда кенг ёритилди.
Ўзбекистон Қаҳрамонлари, ватанимизнинг бошқа юксак мукофотларига лойиқ кўрилган турли соҳа вакиллари, ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган отахон ва онахонлар, жамоатчиликнинг таниқли намояндалари, ёшлар вакиллари. Уларнинг мана шундай шукуҳли кун, файзли оқшомда бирга кечган онлари, олган олам-олам таассуротлари фотосуратларга муҳрланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қоракўл туманидаги Халқ қабулхонаси.