April 30, 2020

Ишланаётган барча ишлар инсониятнинг узоқ ва бахтли умр куришини таъминлашдир

ЕОИИ билан ҳамкорлик ёки аъзо бўлиш ҳақида гап кетганда, ушбу ташкилотнинг кетма-кет кенгайиб боришини ҳисобга олган ҳолда фақатгина ЕОИИ давлатларнинг бозорлари ҳажмини баҳолаш эмас, балки шу орқали бошқа давлатлар бозорларининг мақул бўлиши инобатга олиш лозим. Хусусан, ҳозирги кунда ЕОИИ билан Вьетнам, Хитой, Эрон, Сингапур, Сербия давлатлари ўртасида эркин савдо зоналари бўйича келишувлар имзолаган. Шунингдек, эркин савдо зоналари ташкил этиш юзасидан Миср, Таиланд, Мўғулистон ва Ҳиндистон билан музокаралар олиб борилмоқда. 
ЕОИИга аъзо бўлгандан кейин тузилманинг барча қоидасига риоя қилиниши зарур. Буни унутмаслик керак. Масалан, ягона божхона тарифларига амал қилиниши Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товар ва хомашёларга боғланиб қолган ишлаб чиқарувчиларимизнинг харажатлари ва маҳсулотларининг нархи ошишига олиб келади.
Саноат йўналишини ҳисобга оладиган бўлсак, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилгача Евросиё иқтисодий иттифоқига интеграциялашиш бир йилда 2,0 миллиард долларгача ёки бутун саноат ишлаб чиқаришининг 10 фоизгача салбий таъсир қилиши мумкин. Натижада 100 мингача мавжуд ишчи ходимларнинг иш ўринлари қисқартирилиши мумкин. Бу албатта ачинарли ҳол. 
Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ҳудудларида экспорт қилинадиган барча турдаги маҳсулотларга қўйиладиган техникавий санитария, ветеринария ва фитосанитария стандартлари ҳамда нормалари учинчи давлатларга нисбатан маълум даражада каттиққўллиқ билан татбиқ этиб келинади. Бунинг натижасида, дейлик ўзимизнинг тадбиркорлар томонидан 2019 йил давомида ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалигида етиштирилган турли озиқ-овқат маҳсулотларини ЕОИИ бозорига эркин киришда бир қанча қийинчиликлар бўлганини кузатдик.
Ушбу ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳар қандай шаклда ҳамкорлик қилиши фойдадан ҳоли бўлмайди. Бошқача айтганда, бу катта бозорга ўзимизга нисбатан арзон маҳсулотларимизни экспорт қилиб, иқтисодий манфаат олишини тахмин қилиш мумкин.
Интеграциялашувни ўрганиш жараёнида яна бир қанча эътиборли жиҳатлар мавжуд. Энг аввало, ЕОИИда нефт, нефт маҳсулотлари ва электро энергетиканинг ягона бозорини шакллантириш ишлари нега 2025 йилгача кечиктирилганлиги биз учун аҳамиятли бўлиши керак. Бундан ташқари, темир йўл транспортидаги юк ташув тарифлари ҳам ҳанузгача жуда юқори ставкаларда қолмоқда ва бу ҳолат инфраструктураси ривожланган аъзо давлатлар манфаатларига кўпроқ мос келмоқда.
Ўз навбатида, янги технологиялар трансфер борасида учинчи давлатлар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйишда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлишни устувор вазифа сифатида қарашга ундайди. Чунки ЕОИИ аъзо бўлган бешта давлатдан бугунги кунда тўрттаси (Беларусдан ташқари) ЖСТга қўшилганлигини ҳисобга олсақ, Ўзбекистон учун ЖСТга аъзо бўлишда талаб этиладиган очиқлик, шаффофлик, мустақил ташқи иқтисодий муносабатларни шакллантириш салоҳиятига эга бўлиш талаб этилади. Энг муҳими инсон тақдири муҳим рол эгаллайди. Ишланаётган барча ишлар инсониятнинг узоқ ва бахтли умр куришини таъминлашдир. Давлат аҳолининг шароитини кузатишни давом этади. Чунки аҳолининг тинчлиги ва фаровон турмуш тарзини таъминлаш учун ҳам доимо урганиш ва кузатиш мониторинг юритиш муҳимдир. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Т.Хожаназаров
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси

#UydaQoling
#OставайсяДома
#StayHome
#vahimasizkarantin
#карантинбезпаники