5-Июнь Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни
Халқаро Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун жаҳон миқёсида долзарб бўлган экологик муаммолар тўғрисида халқаро жамоатчиликни хабардор этиб, муаммоларни ечишга дунё халқларини чорлайди. Йиллар оша мазкур кун 100 дан ортиқ мамлакатда нишонланиб, экологик муаммоларни ечишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ушбу кун барча халқлар бирлашиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, она-еримизни асраб қолишга ўзининг шахсий ҳиссасини қўшиш имконига эга бўладилар.
Бу кун БМТ Бош Ассамлблеяси томонидан 1972 йил Стокголмда бўлиб ўтган Инсоният муҳити мавзуидаги конференцияда белгиланган.
Ушбу сана нимага муҳим?
- инсоният фаровонлиги, атроф-муҳит соғломлиги, иқтисодиёт самарадорлиги еримизда мавжуд бўлган табиий ресурсларни оқилона бошқаришимиз, улардан тежамкорона фойдалана олишимизга боғлиқдир
- ҳозирги кунда ер шаридаги кўплаб экотизимларнинг захиралари деярли бутунлай тугаб, ортига қайтариб бўлмайдиган салбий жараёнларга юз тутган, бунинг устига бутун дунёда аҳолининг ўсиб бориши, иқтисодий ривожланиш каби омиллар мазкур муаммонинг янада чигалланишига олиб келяпти
- 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг сони 9,6 миллиардга етиб қолишини инобатга олганда, табиий ресурсларни ҳозирги суръат ва ҳажмларда истеъмол этишимизни, маҳсулот ишлаб чиқаришимизни давом этаверсак, келажакда бизга ҳозирги ер шаримиздан яна учта ер шари керак бўлади
Мазкур сана нафақат она-ер туҳфаларини қадрлаш, еримизда мавжуд бўлган бой биологик хилма-хилликни асраш кунидир. Ушбу кунда биз барчамиз она-еримизни қандай қилиб муҳофаза қилишимиз, унинг табиатини қандай асрашимиз, ҳозирда долзарб бўлиб қолган экологик муаммоларни қандай ечишимиз мумкинлиги тўғрисида чуқур ўйлашимиз, ер-шаримизни янада гўзалроқ, соғломроқ қилиш йўлларини излашимиз лозимдир.
Мазкур санани нишонлаш билан боғлиқ кенг кўламдаги тадбирларни муайян бир шиор остида, ёки мавзуда ўтказиш вазифаси ҳар йили алоҳида бир мамлакатга юклатилиб, шу мамлакатда 5 июн куни тўғри келадиган ҳафта давомида халқаро кўргазма ташкил этилади. 2015 йилда ушбу сана “Етти миллиард орзу. Ягона сайёра. Истеъмолимизда тежамкор бўлайлик ” шиори остида нишонланиб, тегишли тадбирлар Италияда ташкиллаштирилди.
Бу тадбирда дунё бўйлаб 70 та мамлакатда миллионлаб одамлар иштирокида кенг кўламли тадбирлар ўтказилади. Ҳар йили кекса ва ёш фаоллар турли кўргазмалар, атроф-муҳитни тозалаш ишлари, ҳашарлар, концертлар, ОАВ иштирокидаги бир қатор тадбирлар, турли танлов ва мусобақалар ташкиллаштиришда қатнашадилар.
Албатта, бугунги долзарб кунларда туманимизда хам шундай муҳим тадбирларни утказсак, айни муддао буларди. Бирок, хозирги карантин шароитидан келиб чикиб, хар ким табиатга алоҳида бир эътибор қаратса ҳам бўлади. Жумладан, оддийгина ўз уйимизни, теварак атрофни озода , саришта сақлаш, ҳавони, сувни ифлослантирмаслик ҳам она табиатни авайлашнинг бир кўринишидир. Дуч келган жойга, айниқса, оқар сув оқиб турган ариқларга ахлат ташлаш мусулмончиликда катта гуноҳ саналади. Газ, электр энергияси, сувни ҳам тежаб тергаб ишлатиш ҳам табиат неъматларини асрашга киради. Баъзан кўча кўйда шариллаб оқиб ётган кран жўмракларини кўрсак ҳам беъэтибор ўтиб кетамиз. Гугурт йўқ деб, газни ёқиб қўядиган, электр эгергиясини беҳуда сарфлайдиганлар ҳам топилади орамизда. Айни дамдаги коронавирус офати туфайли ҳам табиатда эмин эркин юриш, ҳаводан ниқобсиз нафас олиш ҳам Оллоҳнинг улкан неъмати эканлигини янада чуқурроқ англаб етдик назаримда.
Шундай экан, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳолининг санитария эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасидаги қонун талабларига янада эътиборли бўлишимиз талаб этилади.
Қорақалпоғистон экологик оғир шароитдаги ҳудудлардан бири. Шуни эътиборга олиб, муҳтарам юртбошимиз бошчилигида оролбўйи ўлкасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берди. Юртимизни яшил ҳудудга айлантириш учун қақраб ётган Орол бўйларига ҳам ниҳоллар экилди. Арчазорлар, саксовулзорлар барпо этилди. Зеро, бизнинг партиямизнинг бош мақсади ҳам табиат мусаффолиги ва инсон саломатлигини авайлаб асрашдир. Партиямиз “БИЗ КЕЛАЖАК УЧУН ЖАВОБГАРМИЗ!” деган ғояни ўзининг бош шиори ҳисоблаган ҳолда , барча фуқароларимизни аҳоли соғлигини сақлаш , бебаҳо табиат бойликларини асраб авайлашдек юксак вазифаларни бажаришда фаол иштирок этишга чақиради.
Она Ватанимиз табиатини асраб авайлаш, қадрлаш, унга ўз фарзандимиздек муомала қилиш барчамизнинг муқаддас, ватанпарварлик бурчимизга айлансин!
Улуғбек МУХТОРОВ,
Ўзбекистон экологик партиясининг Тўрткўл туман кенгаши раиси.