April 19, 2025

Яқин ўтмишнинг ёрқин хотиралари

Улуғ ёшимда — аниқроғи 89 ёшимда — юракдаги энг эзгу хотираларимни сизлар билан бўлишишни хоҳлардим. Болалигимдан мен катта мамнуният ва беқиёс хурсандчилик бахш этган Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонаси марказига келдим. Бу мен учун жуда катта бахт ва шараф.

Ҳаётимнинг 60 йилини Ўзбекистонда ўтказдим. Тасаввур қилинг, онгли ҳаётимнинг катта қисми ана шу заминда шаклланган. Шарқнинг нафаси, халқнинг руҳи, урф-одатлари, яшаш тарзи, тарихи менинг шахсиятимга сингди. Бу йўл Иккинчи жаҳон уруши пайтида бошланган эди.

Уруш бошланиши олдидан отамни Донбассга, мактаблар бошқармасига раҳбар қилиб юборишди. Уруш бошлангач, мен ва онам эвакуация қилиндик. Отам фронтга жўнаб кетди. Биз поездда кетар эканмиз, йўлда эшелонимизни бомбардимон қилишди. Қайси тарафга кетаётганимни, қаерда эканимни билмай қолдим. Болаларнинг кўпчилиги ҳалок бўлди, она-оталар фарзандларини беркитиб ҳимоя қилишга ҳаракат қилишарди.

Биз – омон қолган болаларни йиғиб, Ўзбекистондаги болалар уйига олиб келишди. Мен у ерда беш ёшдан ўн икки ёшгача яшадим. Кейин эса – ғамни ортга ташлаб – ўша болалар уйидан қочиб кетдим. Қишлоқдан қишлоққа юриб, боғ ковладим, ғишт тердим, ғалла йиғдим — бир бурда нон учун меҳнат қилдим. Шундай ҳаёт эди у пайтда. Бугун буни тасаввур қилиш қийин: ҳозир нон дўкондан олинади, ўшанда эса ҳар луқма тер тўкиб топиларди.

Ўзбек оиласида яшаганим учун уларнинг тилини, урф-одатларини, маънавий меросини чуқур англадим. 1942, 1945, 1947 йиллардаги анъаналар, қадриятлар — улар умуман бошқача эди. Қишлоқ ҳаёти ўрта асрлар даврига ўхшарди. Лекин мен ўша муҳитда ўсиб, ўзбек тили, маданияти ва фалсафасини юрагимгача муҳрлаб олдим.

Йиллар ўтиб, ҳаёт мени етиштирди. Илк романимни ёздим — “Қизил Бухоро”. Унда Бухоронинг сўнгги даврлари, унинг таназзул ва ўзгаришлари ёритилган. Бу вақтда мен Қашқадарё вилоятида партия қўмитасида бўлим бошлиғи эдим. Ҳали ҳам қишлоқларда қизлар юзини тўсиб юрарди.

Евгений Березиковнинг "Қизил Бухоро" асари.

Кунлардан бир кун телефон қўнғироғи бўлди. Номаълум аёл овози:
— Мен ҳукуматданман. Сиз билан Шароф Рашидов гаплашмоқчи.

Ҳайратда қолдим. Нега айнан мен? Вилоят котиби бор, ижроқўм раисини ҳам чақирса бўларди-ку?

Ўн дақиқа ўтиб, телефон орқали Шараф Рашидов тўғридан-тўғри боғланди:
— Салом, Евгений. “Қизил Бухоро” романингни ўқидим. Урф-одатларни қандай яхши билганинг, тарихга қандай чуқур кириб борганинг мени ларзага солди. Мен асарни ўзбек тилига таржима қилдирдим ва нашр қилишни буюрдим.

Азизлар, бу мен учун улкан шараф эди. Шароф Рашидов — нафақат сиёсий етакчи, балки қалби бой, билимдон ва ҳақиқий зиёли инсон эди.

Ортидан яна қўшимча қилди:
— Сиз Шаҳрисабз шаҳри партия қўмитасининг биринчи котиби сифатида тайинланасиз.

Шаҳрисабз — Амир Темурнинг ватани! Бу шаҳарга раҳбарлик қилиш — мен учун наинки масъулият, балки шараф ва тарихий бурч эди.

Мен қадимий гўшаларни ўргандим, қишлоқлардаги ҳовлилар, меъморий услубларни таҳлил қилдим. Илгари Ўзбекистон комсомол марказий қўмитасида инструктор бўлганим сабабли мамлакатнинг турли шаҳарларини кўрганман. Аммо Шаҳрисабз — у якка ва беқиёс марварид эди.

Шаҳрисабз — у якка ва беқиёс марварид

Мен кулолчиликни, археологияни, меъморчиликкача ўргандим. Аммо энг катта ҳайрат — Жомеъ масжиди гумбази ("Кўк гумбаз"). Унинг диаметри — 46 метр! Улуғбек томонидан қурилган. Бу дунёдаги энг катта гумбазлардан бири. Солиштиринг: Санкт-Петербургдаги Исакий собори — 26 метр, Истанбулдаги София масжиди — 41 метр, Римдаги Апостол Петрус собори ҳам ундан кичик.

Биринчи марта Жомеъ масжидига кирганимда, кўнглим оғриди: эшиклар қулаб тушган, деворлар кўчган. Шунда мен ташаббус кўрсатдим: деворлар тикланди, эшиклар резбали қилиб ясалди, ва тарих яна жонланди.

Кейин Шароф Рашидов Шаҳрисабзга ташриф буюрди. Янгиланган ва шарқона услубда безатилган шаҳарни кўриб, у ҳайратга тушди. 1982 йил июн ойида у бутун республика раҳбарларини, исполком раисларини, архитекторларни — барчасини Шаҳрисабзга чақирди.

Биз шаҳарни пиёда айландик. Мен Ленинграддан 6 та вагон рангли шиша олиб келтирдим — қизил, кўк, яшил. Улар билан марказий кўчалар, меҳмонхоналар, универсамлар безатилди. Тунда шаҳар ёруғ, рангоранг нурда порларди.

Бу ҳақиқий шок эди. Ўша кундан Шаҳрисабз — Ўзбекистон туризмининг марказига айланди.

...Мен шаҳар партия қўмитасида ишлаб турган пайтимда, ҳар қандай юксак даражали меҳмон Шаҳрисабзга келганида, аввал менга учрашарди. Бир куни қабулхонадаги котиба келиб, деди:
— Фаррух Закиров келган. У ансамбли билан концерт уюштирмоқчи. Сиз билан келишмоқчи экан.

Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ва "Ялла" гуруҳи

Мен Ботир Закировни яхши билардим — у менинг дўстим эди. Фаррух ҳақида эса кўп эшитмаган, лекин ҳурмат қилардим. У хонага кирди. Мен ўрнимдан туриб, уни қарши олдим. Суҳбат қурдик. У шундай деди:
— Евгений Ефимович, биз ансамблимиз билан келдик. Агар рухсат берсангиз, концертларимизни бугундан бошлаймиз. Биринчи концертга сизга таклифнома бермоқчиман.

Мен расмий оҳангда:
— Ҳа, албатта, бораман, — дедим. Аслида эса боролмаслигимни билардим — ишлар жуда кўп эди.

Фаррух эшик томон юрди, сўнг бир лаҳза тўхтаб, қайта мурожаат қилди:
— Евгений Ефимович, сиз шеър ёзасиз, деб эшитдим. Илтимос, биз учун қўшиқ матни ёзинг.

Мен шошилиб:
— Вақтим йўқ, Фаррух, — дедим. У чиқиб кетди. Лекин мен қайта столимга ўтирган лаҳзада, илҳом келди. Атиги уч дақиқада “Шаҳрисабз” қўшиғи матни туғилди.

Мен ушбу матнни соат 12:00 да Фаррухга бердим. Тўртда у меҳмонхонадан қўнғироқ қилди:
— Евгений Ефимович, кечқурунги концертга келинг. Концертни “Шаҳрисабз” қўшиғи билан очамиз.

Шу пайтдан бошлаб бу қўшиқ бутун мамлакат бўйлаб куйланди. Бир куни Самарқандда бўлганимда, жаҳон бўйича шахмат чемпиони Карпов келди. У билан учрашув бўлди. У:
— Евгений Ефимович, самолётда учиб келар эканман, радиода “Шаҳрисабз” қўшиғини эшитдим. Бу шарқона ривоятдек, халқ қўшиғидек туюлди, — деди.

Ўша пайтларда “Шаҳрисабз” СССРнинг 90 дан ортиқ шаҳрида янграрди. Рақс майдонларида унинг оҳангида рақсга тушишарди.

Ўша пайтларда “Шаҳрисабз” СССРнинг 90 дан ортиқ шаҳрида янграрди.

Кейинроқ Самарқандга кўчиб ўтдим. Самарқандликлар ҳам келиб учрардилар:
— Сиз “Шаҳрисабз” қўшиғини ёзган экансиз. Илтимос, “Самарқанд” ҳақида ҳам ёзинг, — дер эдилар.

Мен бунга анча вақтгача қизиқмадим. Бир куни партиянинг биринчи котиби Усмонхўжаев менга мурожаат қилди:
— Сен Самарқандда яшайсан, нега у ҳақда қўшиқ ёзмайсан?

Бир сафар вилоятга бориш учун шаҳардан чиқиб кетаётганимда, осмонда порлаётган кўк гумбазлар кўзимга ташланди. Шу заҳоти “Купола, купола, Самарқанднинг кўк гумбазлари” деган сатрлари туғилди. Бу сатрлар шеърга айланди ва Фаррух Закировга телефон орқали юбордим. Орадан бир ой ўтиб, қўшиқ тайёр бўлди.

“Купола, купола, голубые купола Самарканда, купола, купола, голубые купола Самарканда.”

“Купола, купола, голубые купола Самарканда, купола, купола, голубые купола Самарканда.”

Бир куни таътилда Кисловодскда юрганимда, санаторий бош шифокори ҳаяжон билан югуриб келди: — Евгений Ефимович, телефон! Сиз билан гаплашмоқчи. Рашидов.

Мен ҳайратга тушдим: Шараф Рашидов ҳеч қачон санаторийга қўнғироқ қилмаган. Белгиланган вақтда телефонни кўтардим: — Салом алайкум, Шараф Рашидович! — Алайкум ассалом, Евгений. Қара, Бюро сени Самарқанд вилояти партия қўмитасига иккинчи котиб этиб тайинлашга қарор қилди.

Бу сўзларни эшитгач, жим қолдим. Сўнг дедим: — Илтимос, мени ва Самарқандни тинч қўйинглар” дедим. У эса: “Мен бу ерга аэропорт қурдим, шаҳарни тартибга келтиряпман. Уни марваридга айлантирмоқчиман”, деди.

Рашидов кулиб жавоб берди: — Сени кўр, ҳатто Амир Темур ҳам Шаҳрисабздан Самарқандга келган!

Шу сўзлар билан у масалани ёпди. Катта шаҳар вилоят партия қўмитасининг иккинчи котиби бўлиш – бу катта ишонч эди. Кўпчилик билмайди, аммо 1928 йилга қадар Самарқанд Ўзбекистон пойтахти бўлган.

Рашидов менга: — 4-чи санадан Москвада Андропов билан учрашувга тайёр бўл, — деди.

Айтилган кун келди. Тошкентга қайтдим. Аэропортда мени кутиб олишди ва Як-42 самолётига ўтқазишди. Мен билан партиянинг иккинчи котиби Леонид Греков ҳам бор эди. Самарқандга учдик. Шунда мени расман Самарқанд вилояти партия қўмитасининг иккинчи котиби этиб тайинлашди.

Бир воқеа борки, айнан шунинг учун бугун мен ўзбек жамияти бағрида турибман. Бир куни Шараф Рашидов Самарқандга ташриф буюрди ва шундай деди: — Березиков, сен “Ўзбекистон афсона ва сирлари” китобини ёзгансан. Бу мўъжиза!

Бир куни Фанлари академияси президенти мени чақирди. Этнография институти директори ва тарихчилар йиғилди. Улардан сўралди: — Институтда қанча киши ишлайди? — 200 нафар, — дейишди. — Биргина Березиков “Ўзбекистон афсона ва сирлари”ни ёзибди. Сизлар эса бунча материал йиғолмадинглар!

“Ўзбекистон афсона ва сирлари” китоби

Кейин мен “Туркистоннинг муқаддас қиёфалари” китобини ҳам ёздим. Рашидов бу асарларни ўқиб: — Березиков, фақат сенгина Темур ҳақида китоб ёза оласан, — деди.

Мен бу сўзларга тайёр эмасдим. Бир ой ўтиб, Самарқандга махсус почта орқали Шарофиддин Али Яздийнинг 600 йиллик асари, 1950 бетлик китоб “Зафарнома” китобини юборди. Уни қўлимга олгач, дарҳол иш бошладим.

1994 йили “Буюк Темур” асари 30 000 нусхада нашр этилди. Шу заҳоти ўзбек тилига таржима қилинди. Ўзбекча нашри икки марта, ҳар бири 15 000 нусхада чоп этилди. Шундай қилиб, ўзбек халқи бу буюк шахс ҳақида мутолаа қилиш имконига эга бўлди.

Бир куни уй телефоним жиринглади. Қўнғироқ шундай овоз эшитилди: — Мен Мирзиёев Шавкат Миромоновичман, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимиман. “Буюк Темур” китобингизни катта муҳаббат билан ўқидим. Агар имкон бўлса, сиз билан кўришмоқчиман.

Мен, албатта, хурсанд бўлдим. Уни кўриб, ақл-заковатли, ҳалол, очиқ чеҳрали, билимдон бир инсонни учратдим. У билан узоқ суҳбатлашдик. Кейин у менга шундай деди: — Илтимос, шу китобдан 100 нусха беринг. Дўстларимга совға қилмоқчиман.

У ҳайдовчисини юборди, мен китобларни жўнатдим. Кетар чоғида охирги гапи шундай бўлди: — Иккинчи томни ҳам кутиб қоламан.

Мен шу инсоннинг илтимосини бажардим. Бу роман асосида бир улкан шахс — Амир Темур тақдири ётади. У — инсоният тарихидаги энг буюк саркарда. 26 давлатни забт этган, 1000 та жанг ўтказган ва ҳеч қачон мағлуб бўлмаган.

Темурнинг доно ақли, кенг билими, барча соҳаларга қизиқиши мени ларзага солган. У Самарқандни лойдан Шарқнинг дурдона шаҳарларидан бирига айлантирган. 1492 йилда Америка кашф этилгунга қадар Самарқанд аллақачон шарқ архитектурасининг ва ўзбек халқининг ақл-идрок ёдгорлигига айланган эди.

Темур дунёдан усталарни йиғди. Мен Темур ҳақидаги романни катта муҳаббат билан ёздим. Унга шунчалик чуқур шўнғидимки, чиқишни хоҳламадим. Москвалик бир неча ёзувчи романни ўқиб, шундай дейишди: — Евгений Ефимович, бу асар Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, Шолоховнинг “Тинч Дон”и даражасида ёзилган.

@qayduz эркин таржимаси