April 24, 2019

Оила муҳити соғлом бўлса...

Халқимиз оилани муқаддас қўрғон деб билади. Оила қўрғонида тарбия олиб, камолга етган фарзандларга халқ алоҳида меҳр кўзи билан қарайди. Чунки бундай фарзандларда одоб-ахлоқ, муомала маданияти, атрофдагиларга ҳурмат юқори даражада бўлади. Шунинг учун ҳам халқ уларни эъзозлайди, ишонч кўзи билан қарайди. Чунки муҳити соғлом, асоси мустаҳкам, ўз анъаналарига эга оила бағрида ўсган боладан ёмонлик чиқмайди.

Бола тарбияси билан боғлиқ муҳим жиҳатларни, қолаверса, оила институтини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йилнинг 2 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Тарихий аҳамиятга молик ушбу ҳужжатда оила ва бола тарбияси билан боғлиқ бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ажралиш­ларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш асосий вазифалардан қилиб қўйилди.

Бугунги кунда бошқармамизда 28 нафар мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Улар турли тадбирлар ўтказиш, учрашувлар, суҳбатлар ташкил этиш билан бир қаторда воҳада оилавий муҳит даражасини ўрганиш, таҳлил ва тадқиқ қилиш борасида ҳам самарали изланиш­лар олиб боряпти. Мониторинг натижаларига кўра, нотинчликнинг энг асосий сабаби эр-хотиннинг келишмовчилигидир. Шунингдек, оилада ажралиш­лар қайнона ва қайнота, учинчи шахснинг аралашуви туфайли рўй бераётгани маълум бўлди. Мутахассисларимиз томонидан вилоятнинг қайси туманларида ажралишлар кўпроқ эканлиги ҳам тадқиқ қилиб кўрилди. Сариосиё ва Жарқўрғон туманларида бу борадаги кўрсаткичлар бошқа туманларга қараганда сезиларли даражада юқори эканлиги аён бўлди.

Ўрганишлар асосидаги таҳлиллардан келиб чиқиб, жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари ва бош­қа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш, уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни янада соғломлаштириш, шунингдек, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва менталитетимизга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туришга қаратилган тушунтириш ишлари ҳам мунтазам олиб борилмоқда. Ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш соҳа мутахассисларининг муҳим вазифаларидан саналади. Ўтган бир йил давомида кўплаб оилалар яраштирилиб, ота-оналар яна фарзандлари бошида парвона бўла бошладилар.

Оилалардаги низоли ҳолатларнинг олдини олиш, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида шундай оилалар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Шу тариқа ажралиш арафасида турганларни муросага келтириш чоралари кўрилди. Оиласидан жанжал аримайдиган, нотинч, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларга маҳалла фаоллари, мутахассислари, профилактика инспекторлари жалб этилиб, назорат йўлга қўйилди.

Ота-боболаримиз, оқила-ю меҳридарё момоларимиз муқаддас билган бу қўрғонда маънавий муҳит соғлом, анъаналар бардавом бўлса, унга ҳеч қачон завол етмайди, болалар эса тирик етим бўлиб қолмайди. Унутмайликки, оила аслида сиёсий, ижтимоий ва маънавиятга молик тушунча. Демак, оиламиз қанчалик мустаҳкам бўлса, мамлакатимиз қудратини янада юксалтирадиган фарзандлар камолга етади.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,

Республика “Оила” илмий-амалий маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи.