April 24, 2019

Халқ манфаати фидойилик билан ишлашни талаб этади

Давлатимиз раҳбари халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам ўз ифодасини топаётир.

Президентимизнинг тегишли қарори билан Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ташкил этилганлиги ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Хўш, бугунги кунда инспекция ходимлари олдига қўйи­лаётган вазифалар қай даражада бажарилмоқда?

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар зиммасига юксак масъулият юклатилиши баробарида уларга давлатнинг халқ билан бевосита иш олиб борувчи вакили сифатида қатъий ишонч билдирилган. Ҳам ишонч, ҳам юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда халқ манфаати учун фидойилик билан хизмат қилиш ходимларнинг кундалик қоидасига айланган, десак муболаға бўлмайди.

Айни кунларда инспекция ходимлари томонидан соҳада юзага келаётган муаммоларнинг олдини олиш, деҳқону миришкорларимизни ўйлантираётган масалаларга ечим излаш, уларга елкадош бўлиш, шу орқали сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш каби масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ хизмат вазифалари астойдил олиб борилмоқда. Ўрганиш ва назорат тадбирлари давомида бу борада қилинаётган ижобий ишлар билан бирга камчилик ва нуқсонлар ҳам аниқланиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Шовот туманидаги “Раҳимбек МТП” МЧЖ да 15 та ҳайдов техникасидан 3 таси ва 14 та чопиқ тракторидан 5 таси мавсумга шай ҳолатга келтирилмагани, уларни таъмирлаш учун зарур бўлган маблағлар ўзлаштирилмагани ва механизаторларнинг 92 миллион сўмлик иш ҳақи тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Иқлим шароити мураккаб бўлган Хоразм воҳасида шудгорлаш ишларига ўз вақтида тайёргарлик кўрилмаса, фурсат қўлдан бой берилиши, ерларнинг музлаши натижасида белгиланган режа уддаланмай қолиши ҳеч гап эмас эди.

Аниқланган ҳолатлар атрофлича таҳлил қилиниб, бу ҳақда вилоят штабига билдирилгач, вазифасига масъулиятсизлик билан қараган ходимларга тегишли тартибда қонуний чора кўрилди.

Ушбу ҳолатлар жорий деҳқончилик йилида юзага келиши мумкин бўлган қатор муаммоларни юзага чиқарди. Эндиликда мутахассислар иштирокида уни ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Бундан ташқари, шудгорлаш ишларини ташкил этиш бўйича белгиланган вазифаларга асосан 10 дан ортиқ йўналишда кундалик ўрганишлар асосида мавжуд ҳолатлар таҳлил қилиб борилади.

Жумладан, фермер хўжаликларининг фаолияти, дарду ташвишлари жойида ўрганилиб, уларга амалий кўмак берилади. Зарур техникаларни шай ҳолга келтириш, шудгорлаш ишларини сифатли ўтказиш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилиб, зарур минерал ўғит ва бошқа ресурслар фермернинг даласи бошигача етказилиб, барча турдаги хизматлар шу жойнинг ўзида кўрсатилишини таъминлаш чоралари кўрилади. Асосийси, қишлоқ хўжалиги соҳасига хизмат кўрсатувчи корхоналар, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришга бевосита дахлдор ташкилотлар ва давлат органлари билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Сирасини айтганда, мамлакатимизда қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида янги ташкил этилган тузилма ходимлари ўз олдига қўйилган вазифаларни тўлиқ адо этиб, ризқимиз бутунлиги, давлатимиз равнақи йўлидаги фаолиятини сидқидилдан амалга оширади.

Ҳусаин САБИРОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Хоразм вилояти бошқармаси бўлим бош инспектори.