October 18

РАСМИЙ МУНОСАБАТ 

Жорий йил 15 октябрь куни Антикоррупция.уз телеграм канали орқали “бошқарув сервис компанияси фаолиятидан халқ норози” мазмунида танқидий мақола эълон қилинди.

Мақола юзасидан Фарғона вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ-581-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
19 июндаги ПҚ-5152-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил
1 февралдаги 47-сонли қарорига асосан, Фарғона шаҳридаги кўп квартирали уйлар очиқ танлов ўтказиш йўли билан бошқарув компанияларига бириктирилган. Коммунал хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш, кўп қаватли турар жойларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш, давлат-хусусий шериклик асосида соҳа корхоналари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида, Фарғона шаҳар Навбаҳор МФЙ ҳудудида фаолият кўрсатаётган молиявий ночор ширкат тугатилиб, очиқ танлов асосида ширкат томонидан хизмат кўрсатиладиган кўп қватли уйлар 2022 йилда “Bek asr-servis” MChJга бириктирилган.

Маълумот учун: Фарғона шаҳар, Навбахор маҳалласида Янги Аср кўчасида 1076 та хонадондан иборат 18 та кўп қаватли уйлар мавжуд. 2017-2019 йилларда ширкат томонидан Давлат дастури, Халқ банкидан 208 млн.сўм имтиёзли кредит ҳамда ширкатнинг мажбурий бадал тўловларидан йиғилган маблағлари асосида уййларнинг том, фасад қисмлари таъмирланган.

Ўзбекистон Республикаси “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ-581-сонли Қонуни талабларига асосан кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг умумий йиғилиш баёни ҳамда Фарғона вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасининг қарорига мувофиқ, топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан 2024 йил 1 август куни “Bek asr-servis” MChJга бириктирилган 18 та кўп қаватли уйлар “Shodlik fayz bsk” MChJга ўтказилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
30 январдаги 67-сонли ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.05.2023 йилдаги ПҚ-162-сонли қарорларига асосан Кўп квартирали уйларни сақлаш билан боғлиқ харажжатлар бўйича ҳисоб-китоб ишларини юритишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида, “Менинг уйим” биллинг дастури барча электрон тизимларга интеграция қилинди. Унинг натижасида кўп квартирали уйларни сақлаш билан боғлиқ мажбурий бадал тўловларини онлайн режимида CLICK, PAY ME ва Upay орқали тўловлар амалга оширилмоқда ҳамда мажбурий бадал тўловлари ҳақидаги маълумотарни “Шахсий кабинет” орқали назорат қилиш имконияти яратилди.

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган Фарғона шаҳар Янги аср кўчасидаги биргина 88 хонадондан иборат 9-сонли кўп қаватли уйнинг мажбурий бадалдан бўлган дебитор қарздорлиги 58 млн.сўмни ташкил этмоқда.

Мажбурий бадал тўловларини тўлаш ва уларни хисоблаш мақолада иддао қилинганидек маълум мансабдор шахслар эмас балки, бевосита қонун ва кодекслар билан тартибга солинади.

Жумладан, “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ-581-сонли Қонуни 16-моддаси “Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммасига олиши шарт эканлиги, Жой мулкдорининг умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этиш улуши кўп квартирали уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли жой майдони улушига мутаносиб равишда кўп квартирали уйнинг кадастр паспортига мувофиқ белгиланган.

Бундан ташқари Уй-жой Кодексининг 132-моддасида кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни ва шу уйга туташ, ободонлаштириш элементлари бўлган ер участкасини сақлаш бўйича умумий харажатларни ўз зиммасига олиши кўрсатиб ўтилган.

  • Юқоридагиларга кўра, фуқаролар ва ижтимоий тармоқларни бошқарувчиларига шу ўринда, тасдиқланмаган ва асоссиз маълумотларга ишонмасликни ҳамда бу каби тасдиқланмаган маълумотларни тарқатганлик учун қонун хужжатларида жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.
Вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси жисмоний ва юридик шахсларга юқоридаги йўналишлар бўйича тез ва сифатли ҳизмат кўрсатишга, шунингдек аҳолини архитектура ва қурилиш, коммунал хўжалиги йўналишидаги ўзларини қизиқтирган барча масалалар юзасидан тушунча ва хуқуқий маслахатлар беришга доимо тайёр.

Фарғона вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ахборот хизмати