Рамазондан олдин
Мана, Рамазон ойи кириб келмоқда. Шу йилларда Рамазон ҳарорати иссиқ, узун кунларга тўғри келяпти. Рўза тутишга тайёрмисиз? Ёки баъзиларга ўхшаб “соғлигим кўтармайди”, “ишдаман” деган баҳоналарни тайёрлаб қўйдингизми?
Рамазон рўзаси Аллоҳнинг буйруғи, ибодат бўлишидан ташқари, инсон саломатлиги учун ҳам нафлари талайгина. Фақат табиб-шифокорлар очлик соғлигига зарар келтиради дейилган беморларгина рўза тутишда узрлидирлар.
Рамазон рўзасини тутишдан икки–уч кун аввал ошқозонда ишқорни оширувчи маҳсулотларни чеклашимиз ҳамда тўйиб овқатланишдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Айримлар «эртадан рўза», дея бир-икки кун ҳаддан зиёд кўп ва кучли овқатланиб олишади ва бу жараён рўзанинг илк кунларида қийналишларига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ички аъзолар яна шунча овқат ейишингизни кутиб, тайёр туришади.
Рўза тутаман деган одам, аввало, ихлос ва ишонч билан бошлаши керак, оч юриш чидай олишингизга ишонсангизгина бутун ички аъзоларингиз эрталабдан кечгача емаслик ҳолатини тушуниб, шу шароитга мос фаолият юритади. Сизни ишончингиз бутун ички аъзоларга шомгача оч юришга сигналдир.
Саҳарлик
Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб сув ичиб олиб, кейин саҳарликка таёргарлик кўрилса 10–15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмасдан ноқулайликлардан қутиламиз.
Саҳарликда бизни асосий ичимлигимиз сув бўлиши лозим, чой ичган тақдирдаям имкон қадар фақат кўк чой ва албатта, уни аччиқ қилиб дамламасдан ичиш лозим.
Қуйидаги маҳсулотлар бизни кун давомида чанқашимизга ва ичган сувимизни тезроқ танамизни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин:
ёғли маҳсулотлар ва ёғли овқатлар;
- - меъёридан ортиқ аччиқ чой ичиш;
- - дудланган гўшт маҳсулотлари;
- - тузи кўп маҳсулотлар;
- - тузлама маҳсулотлар;
- - кофе ва кафеинга бой маҳсулотлар
- - шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш (табиий ширинлик ейиш керак);
- - барча нотабиий кимвий моддалар аралаштириб тайёрланган озиқ-овқатлар;
- - лавр япроғи, наъматак меваси каби сийдик ҳайдовчи маҳсулотлар.
Қуйидаги саҳарлик қилиш учун тўрт хил энг фойдали маҳсулот турларини келтириб ўтамиз.
- Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сули бўтқаси, ширгуруч, гречкали овқат ва шу кабилар.
- Сут маҳсулотларидан творог, йогурт, қатиқ, сметана, сутнинг ўзи жуда ҳам фойдали ҳамда бу маҳсулотлар билан кун давомида чанқамасдан юришимиз кузатилган.
- Асал, араб хурмоси, ёнғоқ, мағиз, ўрик туршаги, араб хурмоси, олча қоқи ва бошқа шу каби қуруқ мевалар.
- Банан, гилос, анжир, ўрик, шафтоли, олма, олча, нок ва бошқа мевалар билан саҳарлик қилиб олиш лозим.
Ҳўл мевалардан тўйиб олиб, бу билан бирга сув ичмасаям бўлади, фақат меваларни ўзи ейилади, холос. Бир литр сув шунча ҳажмдаги мева ейиш билан баробар.
Юқоридаги тўрт хил турдаги маҳсулотларни саҳарлик пайтида имкон қадар бир-бирига аралаштирмасдан алоҳида истеъмол қилиш тавсия қилинади. Бу кун давомида ўзимизни яши ҳис қилишимизга замин яратади.
Кун давомида
«Рўзадорман, куни бўйи ҳаракат қилсам оч қоламан, ҳаракатдан қолиб ҳолсизланиб қоламан», деб ҳеч ҳам ўйламанг. Рўзада одам доим оҳиста ҳаракатда бўлиши керак, ҳаракат ва очлик икки карра бизни соғлигимизни тиклашимизга ва мустаҳкамлашимизга ҳисса қўшади. Ҳаракат қилмасдан фақат ётиб яшаш эса секин-аста юракни кам уриш ҳолатлари ва организмни шунга кўникиб қолиб, ҳолсизланиш ҳолатларига олиб келади. Саҳарлик ва ифторликдан сўнг 4–5 километр пиёда сайр қилиш тавсия қилинади.
Суткасига камида 7 соат ухлаб олиш керак, лекин кундузи оч қоринда ухлашга шароити борларга айтишим мумкинки бу уйқуни камида иккига кўпайтириб ҳисоб китобингизни олиб бораверинг. Кундузги 2 соатлик уйқу тунги 4 соатнинг ўрнини босади ва кечаси 3 соат ухласангиз, организм жами 7 соат ухлагандан-да самаралироқ тикланади.
Ифторлик
Бу пайтда ошқозонимиз ва бутун сезги органларимиз ҳазм қилиш ва таъм сезишга шай туради.
Аввал икки дона хурмо ва тахминан 300 миллилитргача илиқ ёки уй ҳароратидаги сув билан оғиз очиб оламиз, ёки сувни камроқ ичиб, ҳўл мевалардан еб олиб, сўнгра 10–15 дақиқадан сўнг овқатланишимиз мумкин. Бу худди автоуловни ҳайдаш учун қиздириб тайёрлашдек, ошқозонимизни овқат ҳазм қилишга шай қилади. Кечки овқат имкон қадар тез ҳазм бўладиган ва енгил бўлиши лозим ва албатта, барра салатлар, кўкатлар билан бирга истеъмол қилиш лозим. Овқатланиб бўлиб, тахминан 30–40 дақиқадан сўнг яхна ичимликлар, ширинликлар ва бошқа ширин мевалардан истеъмол қилишимиз мумкин.
Кечаси ётишдан олдин, қатиқ, тарвуз ва бошқа тез ҳазм бўладиган мева ва сабзавотлардан еб олиб, сўнгра ухлашимиз мумкин.
Кечқурун ҳам кофеинни минимум даражада истеъмол қилиш лозим, чунки қисқа тунларда ухлашимиз ва танамизни навбатдаги кунга тиклаб олишимиз лозим бўлади.
Зарарли одатлар
Саҳарликда меъёридан ортиқ ва тартибсиз овқатланиш шарт эмас, бу аксинча, сизни кун давомида оч ва чанқаб юришингизга туртки беради. Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда номига мевалардан еб олиб сувдан тўйиб олишса шуни ўзи кун давомида енгил юришларига етарли.
Саҳарликда яхши овқатланиб туриб шартта чўзилиб ётиш ҳолати жудаям зарарли, бу ҳолат ошқозон ичакларимизни иш фаолиятини бузиб, кун давомида беҳол юриш ёки шу билан ошқозонда муаммолар келтириб чиқариб, қийналиб қолишимизга сабаб бўлиши мумкин.
Оғиз очганда муздек ичимлик билан чанқоқни босиш зарарли одат. Кун давомида ошқозон ва ички аъзолар ўзини ўзи даволаш билан банд бўлади ва ички ҳарорат иссиқ турган пайтда муздек ичимликни ичиш бу худди қизиб турган ёғга сув сачратишдек гап. Бу нақафат рўзани шифобахшлик хусусиятини пасайтиради, балки ифторликда еган овқатимизни тез ҳазм бўлишига ҳам тўсқинлик қилади