April 10, 2021

Рамазн сари...

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи суҳбат: Рамазон ойининг фазилатлари

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Азиз биродарлар! Дарҳақиқат, бизларга улуғ ой, қимматли фурсат ташриф буюрди. Бу ой чексиз ажр-мукофотлар бериладиган, ҳар бир яхшилик истовчига яхшилик эшиклари очиладиган, хайр-баракот ойидир. «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас сизлардан Ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаганкунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Токи сизлар бу саноқни тўлдирингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлангиз. Шояд шукр қилсангиз (Бақара-185).

Бу ой раҳмат, мағфират ва дўзахдан озод бўлишдек неъматлар билан ўралган бўлиб, аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлишдир. Бу ой фазилати хақида хабарлар машҳур, асарлар мутавотирдир. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон ойи келганда Жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади». Бу ойда солиҳ амаллар кўп бўлиши ва амал қилувчиларга тарғиб бўлиши учун жаннат эшиклари очилади, аҳли иймон тарафидан гуноҳлар кам содир этилиши боис дўзах эшиклари беркилади ва шайтонлар ҳам занжирбанд қилиниб, бошқа ойларда эга бўлган эркинликларга бу ойда эга бўла олмайдилар.

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

«Менинг умматимга Рамазон ойида аввалги умматларга берилмаган беш хислат берилади:

1) Рўзадор оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида миск (мушки анбар) ҳидидан ҳам хушбўйроқдир;

2) Ифтор қилгунларига қадар малоикалар уларнинг хақларига истиғфор айтиб турадилар;

3) Аллоҳ ҳар куни жаннатини зийнатлаб унга айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан халос бўлиб, сенга келадилар»;

4) Бу ойда шайтонларнинг катталари занжирбанд қилиниб, бошқа ойлардаги эркинликларига эга бўлолмайдилар;

5) Охирги кечада уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади».

«Эй Росулуллоҳ! У кеча Қадр кечасими?», деб сўралди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ, қачон амал қилувчи амалини тугатгач, шунда унинг ажри (иш ҳақи) тўлиқ қилиб берилади».

Азиз биродарлар! Бу беш хислатни Аллоҳ сизлар учун сақлаб, бошқа умматлар орасидан сизларни улар билан хослаб, неъматини сизларга тўлиқ қилиб берди. Аллоҳнинг неъмати ва фазли сизларга нақадар кўп!! «(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши  амалга буюрасиз, исён-гуноҳдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли Китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан (Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирган) мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир» (Ол-и Имрон: 110).

Биринчи хислат: Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мискдан ҳам хушбўйроқ. Рўзадорнинг ошқозони таомдан холи бўлгани учун, унинг оғзидан келаётган ҳид одамлар наздида кариҳ-ёқимсиз бўлса ҳам, у Аллоҳнинг ҳузурида мискнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқ, чунки у Аллоҳ таолога тоат-ибодат натижасида пайдо бўлгандир. Аллоҳга бўлган тоат-ибодат туфайли пайдо бўлган ҳар бир нарса Аллоҳ субҳанаҳуга маҳбубдир ва У бунинг эвазига ундан кўра яхшироқ ва афзалроғини ато этади. Аллоҳнинг калимаси олий бўлишини истаб, Унинг йўлида қатл қилинган шаҳидни кўринг! Қиёмат куни жароҳатидан оқаётган қоннинг ранги қон рангида, ҳиди эса миск ҳидида бўлган ҳолда келади. Ҳажда ҳам Аллоҳ таоло Арафот аҳли билан малоикаларга фахрланиб, айтади: «Ана бу бандаларимга қаранглар, Менинг ҳузуримга сочлари тўзиган, чанг босган ҳолда келдилар» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти). Сочлар тўзиб, чангга беланиш ҳолати бу ўринда Аллоҳ таолога маҳбубдир, чунки бу ҳолат Аллоҳга тоат ва эҳромда ман қилинган нарсалардан сақланиш ҳамда зийнатни тарк қилишдан пайдо бўлган.

Иккинчи хислат: Ифтор қилгунларига қадар малоикалар уларнинг хақларига истиғфор айтиб турадилар. Малоикалар Аллоҳнинг хузурида хурматли, «Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, (фақат) ўзларига буюрилган нарсани қиладиган» (Таҳрим-6) бандалардир. Аллоҳнинг изни билан уларнинг рўзадорлар ҳаққига қилган дуолари Аллоҳ ҳузурида ижобат қилинишга лойиқдир. Аллоҳ таоло малоикаларга бу уммат рўзадорлари ҳақларига истиғфор айтишга изн бергани, уларнинг шаънларини улуғлаш, номларини кўтариш ва рўзаларининг фазилатини баён қилиш учундир.

Истиғфор – мағфират талаб қилиш. Мағфират эса дунёю охиратда гуноҳларни яшириш ва кечиб юборишдир. Бу энг олий талаб ва мақсаддир, зеро ҳар бир инсон хатокор, ўз жонига зулм қилувчи бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг мағфиратига муҳтождир.

Учинчи хислат: Аллоҳ ҳар куни жаннатини зийнатлаб, унга айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан халос бўлиб, сенга келадилар». Солиҳ бандаларининг жаннатга эришишларига тарғиб ўлароқ, ҳар куни Аллоҳ улар учун жаннатини зийнатлайди ва айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озордан халос бўладилар». Яъни дунёнинг машаққат, озор ва  қийинчиликларидан халос бўлиб, дунё ва охират саодати, жаннатга элтувчи бўлмиш солиҳ амалларга киришадилар.

Тўртинчи хислат: Шайтонларнинг катталари занжиру кишанлар билан занжирбанд қилиниб, Аллоҳнинг солиҳ бандаларини ҳақдан адаштириш ва яхшиликдан тўсишдек мақсадларига етолмайдилар. Бу Аллоҳ таолонинг Ўз суюкли бандаларига душманларини кишанлаш билан берган ёрдамидир. Шунинг учун ҳам солиҳ кишиларни бу ойда бошқа ойларга қараганда яхшиликка рағбатлари ва ёмонликка нафратлари ортганини кўрасиз.

Бешинчи хислат: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари бу муборак ойда кундузлари рўза тутиш ва кечалари намозда қоим бўлиш каби мажбуриятларини адо этсалар, эвазига Аллоҳ таоло Ўзининг фазли карами билан  бу ойнинг охирги кечаси, амалларининг интиҳосида ажр-мукофотларини тўлиқ қилиб, уларнинг гуноҳларини кечириб юборади. Зеро, мардикор ҳам ҳақини ишни тугатгач олади.

Аллоҳ таоло бандаларини бундай мукофот билан сийлашининг учта сабаби бор.

Биринчи сабаб: Аллоҳ таоло бандаларига уларнинг гуноҳлари кечирилишига ва даражотлари кўтарилишига сабаб бўладиган солиҳ амалларни фарз қилди. Агар Аллоҳ буни фарз қилмаганида бандалар бу билан Аллоҳга ибодат  қила олмасдилар. Ибодат фақатгина Аллоҳнинг пайғамбарларига юборган ваҳийси орқали олинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ваҳийсиз ўзларича шариат қуриб олганларни инкор қилиб, хатто буни ширк эканлигини эълон қилди: «Балки улар учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?! Агар (яхши-ёмон амаллар Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз аламли азоб бордир» (Шўро-21).

Иккинчи сабаб: Аллоҳ таоло уларни кўпчилик инсонлар тарк қилган солиҳ амалларни қилишга муваффақ қилди, агар уларга Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи бўлмаганда эди, солиҳ амалларни қоим қила олмасдилар. Бу неъмати учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. «Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур» (Ҳужурот-17).

Учинчи сабаб: Аллоҳ таоло улуғ ажрларни ато этди. Бир ҳасана ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтирилди. Амалга тавфиқ ҳам, унга ажр ҳам Аллоҳнинг фазлидир. Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсин.

Азиз биродар, Маъсиятдан тоатга, ғафлатдан зикрга ҳамда Аллоҳ таолога юзланиш каби рамазон хақларини ўтаган ҳолда рамазонга етишлик буюк бир неъматдир!

Эй инсон! Ражаб ойини гуноҳ билан ўтказганинг етмагандек, Шаъбон ойида  ҳам гуноҳга ботдинг. Мана энди ҳузуринга рўза ойи келди, уни ҳам гуноҳ ойига айлантирмагин. Бу ойда Қуръон ўқи, кўп-кўп тасбеҳлар айт, зеро бу ой Қуръон ва тасбеҳ ойидир. Ўтган йил сен билан бирга рўза тутган қанча-қанча қариндошларинг, қўшниларинг ҳамда биродарларингни ўлим боқий дунёга олиб кетди, сени эса вақтинча қолдириб турибди, буни ғанимат бил!

Аллоҳим, Ўзинг бизларни ғафлат уйқусидан уйғот, боқий дунёга сафаримиздан олдин бизларни тақво билан озуқалантир, вақтинча берилган вақтни ғанимат билишимизни насиб эт, бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматингга ол.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, ҳамда У кишининг оила аҳиллари ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Иккинчи суҳбат: Рўзанинг фазилати хақида

Азиз биродар, Рўза тоат-ибодатларнинг энг афзали ва улуғларидан. Унинг фазилати хақида кўплаб оят-хадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло уни ўтган барча умматларга фарз қилгани ҳам рўзанинг фазилатларидан саналади: « Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

Рамазон рўзасининг фазилатларидан: Рўза гуноҳларга каффорот ва мағфират этилишга сабабдир. Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари албатта мағфират қилинади».

Яъни Аллоҳга иймон келтирган ҳолда, рўза унинг зиммасидаги фарз эканини хис қилиб, унинг савоб ва мукофотидан умидвор бўлиб, уни ёмон кўрмасдан, савоб ва мукофотида шубҳаланмасдан тутса, Аллоҳ таоло унинг ўтган гуноҳларини албатта кечиради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган яна бир ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазонгача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади».

Рўзанинг фазилатларидан: Унинг савоби муайян саноқ билан чекланмаган, балки рўзадорга беҳисоб ажр-мукофотлар берилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло деди: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман». Рўза қалқондир. Қай бирингиз рўза тутган бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир. Рўзадорни хурсанд қиладиган икки қувончи бор, бири ифтори олдида, иккинчиси Парвардигорига йўлиққанида» (Муттафақун алайҳ).

Имом Муслим ривоятида: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, (қилинган) ҳар бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача (мукофотланади), Аллоҳ таоло айтади: Фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман, шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади».

Бу ҳадиси шариф бир неча жиҳатдан рўзанинг фазилатига далолат қилади:

1) Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги шарафи, унга бўлган муҳаббати ва унда Ўзига банда томонидан бўлган ихлос зоҳир бўлгани учун ҳам бошқа амаллар орасидан рўзани Ўзи учун хослаб олди. Чунки рўза банда билан Парвардигори ўртасидаги сир, уни Аллоҳдан бошқа хеч ким билмайди. Рўзадор рўза сабабли ўзига ман этилган нарсаларни одамлардан холи ўринларда бемалол тановул қилиш имконига эга бўлса-да, ундан тийилади, чунки хилватда ҳам уни кўриб турувчи, унга буни ҳаром қилган Парвардигори борлигини билади ва Унинг азобидан қўрқиб, савобини умид қилганидан буни тарк қилади. Мана шу ихлоснинг мукофоти ўлароқ Аллоҳ таоло рўзани бошқа амаллар орасидан Ўзи учун хослаб олди. Бу хослашнинг фойдаси Қиёмат кунида билинади. Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Қиёмат куни Аллоҳ бандасини ҳисоб-китоб қилади. Агар бандаси зулм ўтказган бўлса, қилган ибодатларининг савобидан зулм қилган кишиларига олиб берилаверади. Ҳатто унинг ўзи учун ҳеч нарса қолмайди. Фақат рўзасининг савоби қолади. Кейин Аллоҳ уни рўзаси сабабли жаннатга киритади».

2) Аллоҳ таоло рўза ҳақида: «Унинг мукофотини Мен Ўзим бераман», деб, рўзага бериладиган мукофотни Ўзига нисбатлади. Маълумки, солиҳ амалларнинг савоби ададларга зиёда қилинади, бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача ва ундан ҳам зиёда кўпайтирилади. Аммо рўзага бериладиган мукофотни адад эътиборисиз Аллоҳ таоло Ўзига нисбатлади. Аллоҳ таоло энг Карамли ва энг Сахий Зотдир. Ҳадя ҳам уни берувчисига қараб бўлади. Демак, рўзадорга бериладиган мукофот беҳисоб даражада кўп.

Рўза (1) Аллоҳнинг тоати узра сабр қилиш, (2) Унинг қайтариқларига сабр қилиш, (3) очлик, ташналик ва бадан заифлигидан иборат Аллоҳнинг аламли қадарига сабр қилишдир. Рўзада мазкур сабр турларининг учаласи ҳам жамланганидан рўзадор сабр қилувчилар жумласидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтди: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур». (Зумар: 10)

3) Рўза қалқондир, яъни рўза ўз эгасини лағв ва фаҳш сўзу ишлардан тўсувчи воситадир, шунинг учун ҳам: «Агар сизлардан бирингиз рўза тутган ҳолда бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин», мана шундагина рўзаси уни дўзахдан сақлайди. Шунинг учун ҳам Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза - банда у билан дўзахдан сақланадиган қалқондир». (Имом Аҳмад ривояти).

4) Рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳнинг хузурида мушкдан ҳам хушбўйроқ, чунки у рўза туфайли пайдо бўлган бўлиб, Аллоҳнинг хузурида хушбўй ва маҳбубдир. Одамлар орасида кариҳ ва ёқимсиз бўлган ҳид рўзадек тоат-ибодатдан ҳосил бўлгани учун Аллоҳ таолога ёқимли бўлиши рўзанинг Аллоҳ таоло хузуридаги шаънининг буюклигига далолат қилади.

5) Рўзадорга икки хурсандлик бор, бири ифтор вақтида, яна бири Парвардигорига йўлиққанда. Ифтор вақтида хурсанд бўлиши: Аллоҳ таоло унга солиҳ амалларнинг энг афзалларидан бўлмиш рўза ибодатини адо этиш неъматини  ато қилганидандир. Чунки қанча-қанча инсонлар рўза тутмай, бу неъматдан маҳрумдирлар. Яна, рўзадорлик вақтида ман қилинган емоқ, ичмоқ ва қўшилмоқ каби неъматларни Аллоҳ таоло унга оғиз очгандан  кейин мубоҳ қилганидан қувонади.

Парвардигорига йўлиққандаги хурсандлиги эса: савобга муҳтож бўлиб турган дамда, тутган рўзасининг мукофотини Аллоҳ таоло хузурида тўлиқ олиб, «Рўзадорлар қани, улардан ўзгаси кирмайдиган Райён эшикларидан жаннатга кирсинлар» деган нидони эшитганида қувонади.

Бу ҳадиси шарифда рўзадорларга кўрсатмалар бор: Агар рўзадорни бирон кимса сўкса ёки уришса, шунга яраша жавоб қайтармасин, чунки бу уриш-жанжалнинг зўрайишига сабаб бўлади. Лекин шу билан бирга, сукут сақлаш билан унинг олдида ожиздек кўриниб қолмаслик  учун «мен рўзадорман» деб, огоҳлантириш лозим. Бу «сенинг жоҳиллигингга яраша жавоб қайтармаётганим заифлигимдан эмас, рўзанинг эҳтиромидан» деганга ишора бўлади ва мана шу билан уриш-жанжалнинг олди олинади: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришадилар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» ( Фуссилат: 34-35).

Рўза Қиёмат куни рўзадор учун шафоатгўйдир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам айтдилар:

«Рўза ва Қуръон Қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Раббим, мен уни таом ва шаҳватидан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!»,  дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!», дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (ИмомАҳмад ривояти).

Азиз биродар! Юқоридаги фазилатларга фақатгина рўзанинг одобларига риоя қилинганда эришилади. Шунинг учун тутаётган рўзангизни асраб-авайланг, ҳудудларини сақланг, ундаги камчиликлар учун Аллоҳ таолога тавба қилинг!

Парвардигоро, рўзаларимизни муҳофаза қилгин, уни бизларга шафоатгўй қилгин, ўзимиз, ота-оналаримиз ва барча мусулмонларни мағфират қилгин!

Пайғамбаримизга, у кишининг оилаларига ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин.