March 6

Азим Тошкент шаҳрига саёҳат уюштирилди.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, муносиб меҳнат ва яшаш шароитини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан заводимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшаётган, ўзларининг касбий маҳорати ва намунали ҳаёт йўли билан барчага ўрнак бўлаётган аёлларни шарафлаш, уларни рағбатлантириш мақсадида Бухоро НҚИЗ Касаба уюшма қўмитаси кўмагида заводнинг 50 нафар ходими учун тарихий-маданий меросга эга қадимий ва ҳамиша гўзал Тошкент шаҳрига икки кунлик саёҳат ташкил этилди.

Саёҳат давомида Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, жумладан Мўйи Муборак мадрасаси, Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон мадрасаси, Ҳазрати имом жоме масжиди, Тиллашайх масжиди ва Имом ал-Бухорий Ислом институтини ўз ичига олган Ҳазрати имом мажмуаси зиёрат қилинди. Шунингдек, аёлларимиз Муқимий номидаги Ўзбекистон мусиқали драма театрида спектаклдан баҳраманд бўлишди. Яқиндагина фаолиятини бошлаган Tashkent city mall савдо мажмуасига боришди.

Бухоро НҚИЗ раҳбарияти ташаббуси билан уюштирилган мазкур сайёҳлик тадбири иштирокчиларга манзур бўлди, улар томонидан алоҳида эътироф этилди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ матбуот хизмати