УГХКда меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги бўйича танлов
Бу йилги мусобақалар икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич газ сизиб чиқиши билан боғлиқ авария имитацияси билан фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишнинг амалий кўникмаларига бағишланган. Иккинчи босқич интеллектуал мусобақа бўлиб, унда иштирокчилар меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш талабларини билишларини намойиш этишлари керак.
Бугун танловнинг биринчи босқичи бўлиб ўтди, унда Устюрт газ-кимё мажмуасининг саккизта ишлаб чиқариш цехи вакиллари иштирок этди. Амалий синовлар Фавқулодда вазиятлар бўлимининг ўқув-машғулот майдонида ўтказилиб, хавфли газ сизиб чиқиши натижасида жабрланган шахс ҳолати моделлаштирилди.
Танлов топшириқларини бажариш давомида иштирокчилар фавқулодда вазиятларда ишончли ишлаш кўникмаларини, шахсий ҳимоя воситаларидан, қутқарув анжомларидан тўғри фойдаланишни, шунингдек, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича юқори даражадаги тайёргарликни намойиш этдилар.
Амалий босқич натижаларига кўра, бешта жамоа эртага Устюрт газ-кимё мажмуасининг маъмурий-маиший биносида бўлиб ўтадиган танловнинг финал қисмига йўл олди. Бу ерда иштирокчилар интеллектуал синовлардан ўтишлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги бўйича энг яхши жамоа унвони учун курашишлари керак бўлади.